Тошкентда кўчмас мулк бозорида даромад кескин пасайди

Тошкентда кўп қаватли уйларга инвестиция киритишнинг рентабеллиги пасаймоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлиллари асосида маълум қилинди.

МҲТИ маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда аҳолининг акциялар, облигациялар ёки пенсия жамғармалари каби турли инвестиция инструментларига кириш имконияти чекланганлиги сабабли кўчмас мулкка сармоя киритиш кенг тарқалган. Хусусан, уй-жой нархларининг ўсиши давом этаётган шароитда кўпчилик учун бу асосий инвестиция манбаи бўлиб қолмоқда.

Бунга қарамай, ҳозирда Тошкентда кўчмас мулкка инвестиция киритишдан олинадиган даромад кескин пасайиб бормоқда. Ҳар йили уй-жой нархларининг ўсиши ва уни ижарага беришдан тушадиган даромадларнинг суммаси асосида ҳисобланган инвестиция даромаддорлиги аввалги ойларга нисбатан анча камайган.

Масалан, 2024 йил февраль ойида кўчмас мулкдан умумий даромад ўртача 32,4% ни ташкил этган бўлса, октябрда бу кўрсаткич 12,2% га тушиб кетган.

Районлар бўйича 1 хонали уй-жой даромаддорлиги:

  • Мирзо-Улуғбек тумани: 2,3% (февралда 25,7%);
  • Шайхонтоҳур тумани: 17% (50%).

2 хонали уй-жойлар:

  • Сергели тумани: 7,4% (19,4%);
  • Шайхонтоҳур тумани: 17,2% (59%).

3 хонали уй-жойлар:

  • Бектемир тумани: 3,2% (33,7%);
  • Юнусобод тумани: 13,7% (48,7%).

4 хонали уй-жойлар:

  • Бектемир тумани: 2% (37,9%);
  • Юнусобод тумани: 17% (39,8%).

Шайхонтоҳур туманида февраль ойида уй-жой нархларининг ўсиши 35,8% даромад келтирган бўлса, октябрда бу кўрсаткич 5,5% га тушган.

Мирабад туманида даромаддорлик 23,2% дан 1,9% га тушган бўлса, Яккасарой туманида 16,1% дан 3,5% га тушган.

Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида октябрь ойида ўртача даромаддорлик -2,6% ва -2,4% ни ташкил этган, февраль ойида эса бу кўрсаткичлар 24,6% ва 15% ни ташкил этган эди. Бу уй-жой нархлари ўсишининг тўхтаб қолиши ёки озгина пасайиши билан боғлиқ.

Ижарадан тушган даромад

Октябрь ойида уй-жойни ижарага беришдан тушган ўртача йиллик даромад:

  • Шайхонтоҳур тумани: 10% (февралда 11,6%);
  • Мирабад тумани: 9,8% (10,4%);
  • Яккасарой тумани: 9,5% (10,5%).

Қиймати паст ижара нархлари кузатиладиган туманлар:

  • Сергели тумани: 9,3% (8,4%);
  • Учтепа тумани: 9,7% (8,6%);
  • Чилонзор тумани: 9,3% (9,3%);
  • Олмазор тумани: 9,1% (9,4%).

Таҳлилларга кўра, кўчмас мулк бозорида ижарадан олинадиган даромад ўсиш суръати секинлашган. Шунингдек, депозитлар бўйича ўртача йиллик фоиз ставкаси 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 21% ни ташкил этган.

Энг юқори рентабеллик 1 ва 2 хонали уй-жойларда кузатилмоқда. Февралда бу кўрсаткич 35,6% ва 30,8% ни ташкил этган бўлса, октябрда мос равишда 16,7% ва 12,2% га пасайган.

3 хонали уй-жойлар даромаддорлиги шу давр ичида 33% дан 10,1% га, 4 хоналиларники эса 30,3% дан 9,9% га тушган.

Ушбу таҳлиллар OLX.uz платформасидан олинган 740 минг ижара нархлари ва 1,5 миллион сотув нархлари маълумотлари асосида амалга оширилган.