Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Яшнобод тумани «Дўстобод» маҳалласида номаълум шахс мактаб ўқувчисини кузатиб, унинг қўлидан ушлагани ва оғзини ёпишга урингани акс этган видео тарқалди. Шундан сўнг, қизалоқнинг бақиргани сабабли, эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 2025 йил 10 март куни тахминан соат 16:30 да содир бўлган. Таъкидланишича, ҳужум қилган шахс 18 ёшли Х.Д. бўлиб, II гуруҳ ногирони ва психоневрологик диспансер рўйхатида туради.
У 2013 йилда туғилган мактаб ўқувчисига нисбатан куч ишлатган. Қизалоқ бақириб юборганидан сўнг, Х.Д. уни қўйиб юбориб, воқеа жойидан яширинган.
Текширув давомида мактаб ўқувчисига тан жароҳати етмагани аниқланди. У билан психолог иштирокида суҳбат ўтказилган. Ҳодиса содир бўлган куни Х.Д. шаҳар психоневрологик касалхонасига жойлаштирилган.
ИИВ Яшнобод тумани органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.