Яқин вақт ичида Тошкент ҳокимияти 2024−2025 йилги иситиш мавсумини тугатиш бўйича қарор қабул қилади, деб хабар берди Veolia Energy Tashkent компанияси.
Қоидаларга кўра, агар беш кун кетма-кет ўртача суткалик ҳаво ҳарорати 8 даражадан юқори бўлса, иситиш мавсуми якунланади.
8 мартдан 14 мартгача бўлган даврда пойтахтда ўртача суткалик ҳарорат 11,6 даражани ташкил этди (минимал ҳарорат — 8 март куни 9 даража, максимал ҳарорат — 14 март куни 13,1 даража).
Иситиш мавсуми тугагандан сўнг, кейинги мавсумга тайёргарлик ишлари бошланади. Veolia Energy Tashkent иссиқлик тармоқлари, маҳаллий қозонхоналар ва насос станцияларида жорий ҳамда капитал таъмирлаш ишларини олиб боради.
Кўп қаватли уйларни бошқариш билан шуғулланувчи ширкатлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари (ТСЖ) биноларнинг муҳандислик коммуникацияларини янги мавсумга тайёрлашга киришади. Бу ишлар қаторига тизимларни ювиш, жорий ва капитал таъмирлаш киради.
Хонадон эгаларига эса ўз квартираларидаги радиаторларнинг ҳолатига эътибор қаратиш, жумладан, уларни тозалаш ва ювиш тавсия этилади.
Пойтахтда иситиш мавсуми 2024 йил 7 ноябрдан бошлаб ёқилган эди. Иситиш ёқилиш жараёни 1985 йилда тасдиқланган суткалик ўртача 8 даража меъёри қайта кўриб чиқилиши керакми ёки йўқми, деган баҳсларга сабаб бўлди. Бу қоидалар замонавий иқлим шароитларини инобатга олиб, халқаро тажриба ва стандартларга мос келиши керак, деб таъкидлаган климатолог Эркин Абдулаҳатов.