Тошкент шаҳрида ноқонуний ҳаракатларни содир этганликда гумон қилинган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳибсга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
У ўз хизмат ваколатларидан суиистеъмол қилганликда, яъни биноларни қуриш бўйича эскиз лойиҳаларини тасдиқлаш, ёнғин ҳақида автоматик огоҳлантириш қурилмаларини ўрнатиш, шунингдек, қуриб битказилган ва реконструкция қилинган биноларни давлат комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилиш жараёнида ижобий хулоса бериш учун мунтазам равишда пора талаб қилганликда гумонланмоқда.
«Бундай объектлар орасида умумтаълим мактаблари ва тиббиёт муассасалари ҳам мавжуд», — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари Абдулла Қўлдошев ва унинг ўринбосарлари бюрократиянинг кучайиши ва қурилиш рухсатномаларини бериш ҳамда объектларни қабул қилишдаги қонунбузарликлар сабабли лавозимидан озод этилганини маълум қилган эди.