Тошкент аҳолисини ҳақорат қилган қиз 10 суткага ҳибсга олинди

Тошкентликларни ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалди

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди 2025 йил 10 февраль куни «Анорзор» маҳалласида, ижтимоий тармоқларда шаҳар аҳолисини ҳақорат қилган қизга нисбатан маъмурий иш бўйича суд мажлисини ўтказди.

Материалларга кўра, 24 ёшли Н.Х. 2025 йил 5 февраль куни ўзининг ёпиқ Instagram саҳифасида пойтахт аҳолисига нисбатан ҳақоратлар бўлган 3−4 та видео жойлаштирган ва уларни 5 дақиқадан сўнг ўчирган.

Унинг сўзларига кўра, у видеоларни жаҳли чиққан пайтда ёзиб олган. Бу ҳолат таксичининг унинг қаердан эканлигини сўраши ва сўнгра гўёки: «Сизлар ҳайвонсизлар. Сизлар келганингиздан бери Тошкентда доим тирбандлик. Сен қиз бўлганинг учун нархни пастроқ айтаяпман», — деб гапирганидан кейин юз берган.

Қизнинг таъкидлашича, у бу сўзларни фақат баъзи таксичиларга қаратган, блогерлар эса ижтимоий тармоқларда унинг ҳақоратли сўзларини ўз ичига олган видео қисмларини тарқатишган.

Шунингдек, у саломатлиги туфайли тўрт марта наркоз қабул қилганини, шунинг учун жуда тез асабийлашишини ва узоқ тинчлана олмаслигини маълум қилди.

Бундан ташқари, ўша пайтда у ўзини ишончли ҳис қилгани ва: «15 суткага ҳибсга олишсин, менга нима, мен ҳақиқатни гапиряпман», — деганини айтди. Шу билан бирга, у ўз айбини тўлиқ тан олиб, афсусланганини ва жазони енгиллаштиришни сўраган.

Мазкур иш бўйича жабрланувчилар сифатида Юнусобод туманидаги «Боғиэрам» ва «Боғишамол» маҳаллалари раислари қатнашди. Улар қизнинг сўзларини ўзларига қаратилган ҳақорат деб баҳолаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашди. «Боғиэрам» маҳалласи раиси Н.Х.нинг ҳаракатларига нисбатан бефарқ қолмаслик кераклигини, акс ҳолда одамлар унинг устидан ўзлари ҳукм чиқариши мумкинлигини билдирди.

Суд Н.Х.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топди ва унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Шунингдек, у махсус қабулхонада сақланган ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15% (56 250 сўм) миқдоридаги харажатларни тўлайди.