Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 24/09/2025

«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган ҳарбий вертолётларни Афғонистонга қайтаришни яна сўради

«Толибон» ҳукуматидаги Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақи 2021 йилда Афғонистон ҳукумати қулаганидан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган ҳарбий вертолётларни мамлакатга қайтаришни сўради, дея хабар бермоқда Tolonews.

«Биз 4 йил олдин сиёсий воқеалар муносабати билан вертолётларимизнинг бир қисмини олиб, қўшни давлатларга берган мамлакатлардан бу вертолётларни инсонпарварлик мақсадларида фойдаланиш учун Афғонистон халқига қайтаришни сўраймиз», — деди Муттақи Кобулда дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда.

Муттақи, шунингдек, халқаро ҳамжамиятдан Афғонистонга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўради. Унинг таъкидлашича, амалдаги банк чекловлари туфайли хорижда яшовчи афғонлар ўз қариндошларига пул ёрдами юбора олмаяпти.

Afghanistan International ва The Kabul Times нашрлари шу ҳафтада Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов бу маълумотни рад этди.

«Бу каби хабарлар ҳақиқатга мос келмайди. Ўзбекистоннинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда, тарқатилаётган хабарлар эса fake news (сохта хабарлар — таҳр.)», — деди.

Масала тарихи

Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания доирасида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистон ҳукуматига кўп миқдорда самолёт ва вертолётлар тақдим этган. 2021 йил август ойида «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда Афғонистоннинг 585 нафар қуролли ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) ноқонуний равишда Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кириб келган. Учувчиларнинг бир қисми Тожикистонга қочиб ўтган. Ўша йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар БААга, сўнгра АҚШга олиб кетилган.

Афғонистон муваққат ҳукумати бир неча бор бу ҳаво кемалари Афғонистон мулки эканини таъкидлаган ва уларни қайтаришни сўраган. Ўзбекистон расмийлари эса самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки экани ва уларни қайтариш мумкин эмаслигини билдирган.

2022 йил сентябрь ойида Politico нашри АҚШ расмийлари Афғонистондан олиб келинган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш» тадбирлари доирасида Ўзбекистон ва Тожикистонга топшириши мумкинлигини хабар қилган.

2023 йил июнь ойида Афғонистон Мудофаа вазирлиги яна бир бор Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларидан самолёт ва вертолётларни топширишни сўраб, улар Афғонистон халқининг мулки эканини таъкидлаган.

«Ўзбекистон ва Тожикистон бизнинг қўшнимиз. Биз улар билан яхши муносабатда бўлишни истаймиз ва қўшничилик ҳамда дипломатик нормаларга кўра, бу авиатехникани бизга қайтаришни сўраймиз», — деган эди ўшанда идора вакили Иноятулла Хоразмий.

2024 йил август ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник авиатехника Ўзбекистонга ўтаётганини маълум қилди ва «бу техника ҳеч қачон Афғонистонники бўлмаган, у Американики бўлган»лигини эслатди. «Улар (Афғонистон армияси — таҳр.) ундан фойдаланган, аммо эгаси доим биз бўлганмиз», — дея таъкидлади дипломат.

Ўшанда Афғонистон Мудофаа вазирлиги авиатехниканинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан эди.