Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати Тимур Аминжонович Ишметовни Ўзбекистон Марказий банки раиси лавозимига тайинлади. Бу ҳақида парламентнинг юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу лавозимда Тимур Ишметов 2017 йил июнидан бери Марказий банкни бошқарган Мамаризо Нурмуратов ўрнини эгаллади.
Тимур Ишметов ҳақида маълумот
Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2000 йилда Тошкент молия институтининг «Молия ва кредит» факультетини, 2005 йилда Бирмингем университетининг «Халқаро пул ва банк иши» магистратурасини ва 2007 йилда Тошкент юридик университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банкда иқтисодчи лавозимида бошлаган. Ушбу банкда у турли лавозимларда, шу жумладан, молиявий операциялар, халқаро резервларни бошқариш, ички валюта бозори операциялари ҳамда валюта назорати департаментларига раҳбарлик қилган.
2017—2019 йилларда Тимур Ишметов Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2019—2020 йилларда молия вазирининг биринчи ўринбосари (Мамаризо Нурмуратов раҳбарлигида), 2020—2022 йилларда эса Молия вазири лавозимини эгаллади.
2022 йил декабридан у Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсати бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломовнинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
Ишметовнинг иқтисодий қарашлари
Тимур Ишметов банкларни ва самарасиз давлат мулкларини хусусийлаштириш, шунингдек, иқтисодиётда давлат ролини қисқартириш тарафдори сифатида танилган.
У шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан молиявий интизомга риоя қилинмаслигини танқид қилган. Унинг раҳбарлигида «Очиқ бюджет» портали ва «Ташаббусли бюджет» бўлими ишга туширилган.
Инклюзив иқтисодий ўсишга эътибор
Ишметов иқтисодий ўсишнинг инклюзив эмаслиги ва аҳолининг фақат кичик бир қисмига манфаат келтираётганини танқид қилган. Унинг фикрича, ҳукумат самарадорликни ошириш, рақобат муҳитини яратиш ва инсон капиталига сармоя киритиш бўйича иш олиб бориши лозим.
2022 йил ноябрида у ташқи қарзларни жалб қилиш қимматга тушаётгани ва Ўзбекистон хусусий капиталдан фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлаган.
Тимур Ишметовнинг фикрича, давлат бюджети дефицитини қисқартириш орқали фискал интизомни таъминлаш муҳим. «Биз инфляцияга қарши курашиш учун барча ҳаражатларимизни қисқартиришимизга тўғри келади. Бу узоқ муддатли манфаат учун зарур», — деган эди у.