Депутатлар жарима солинмайдиган тезлик чегарасини оширишни маъқуллашга тайёргарлик кўрмоқда. Экспертлар қарши

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига автотранспорт воситалари учун жарима солинмайдиган тезлик чегарасини 5 км/соатдан 10 км/соатга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритди.

Қонун ҳали қабул қилинмаганига қарамай, палата ўз хабарларида буни амалга ошган ҳолат сифатида келтирган: «Энди қайд этилган тезликдан 10 км/соат айириб ташланади».

Қонун лойиҳаси 2024 йил март ойи бошларида маълум бўлган, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг ўтган йилги топшириғи асосида ишлаб чиқилган. Ушбу топшириқда тезликни ошириш зарурати техник воситалар (радарлар) ва транспорт воситаларининг спидометрларидаги «хатолар» билан изоҳланган.

Шуниси диққатга сазоворки, шаҳар ичида рухсат этилган тезлик 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган эди (аҳоли пунктларида у 70 км/соат даражасида сақлаб қолинган). Шунингдек, мактаб ва болалар боғчалари яқинида (тегишли белгилар мавжуд бўлганда) тезлик 30 км/соатга, турар-жой массивларида эса 20 км/соатга чекланган.

Ҳайдовчиларга навбатдаги имтиёзларми?

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов томонидан имзоланган, 2024 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамасига юборилган хатда қайд этилишича, жарима солинмайдиган тезлик чегарасини ошириш таклифи ҳайдовчиларнинг норозилиги билан боғлиқ ҳолда тайёрланган.

Шу билан бирга, мазкур хатда қоидабузарликларни қайд этувчи тизимнинг бир қатор камчиликлари мавжудлиги қайд этилган. Бу эса ҳайдовчиларга имтиёзлар бериш эмас, балки тизимни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.

Жумладан, айрим тадбиркорлар камераларни ўрнатиш талабларига тўлиқ риоя қилмаяпти, баъзи камералар бир-бирига жуда яқин жойлаштирилган, тизим самарали ишлаши учун мутахассислар ва тажриба етишмайди, масъул идоралар ўртасида етарлича мувофиқлаштириш мавжуд эмас.

Бундан ташқари, йўл инфратузилмаси шаҳарсозлик меъёрлари ва стандартларига жавоб бермайди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эса қоидабузарликлар оқимига дош беришда қийналмоқда — ҳар бир ходимга бир кунда ўртача 1200–1500 та ҳолат тўғри келмоқда.

Депутатлар экспертларнинг фикрини инобатга оладими?

«Газета.uz» билан суҳбатда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассислар жарима солинмайдиган тезлик чегарасини ошириш таклифига қарши чиқиб, бу ҳайдовчиларнинг тезлик чекловларини оммавий равишда инкор этиш одатини қонунийлаштиришини таъкидлади.

Йўл ҳаракати режалаштириш мутахассиси Бобур Сиражевга кўра, қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видео воситалардаги хато «уларни етказиб берувчи, ўрнатувчи ва назорат қилувчи ташкилотларнинг муаммоси», ҳайдовчиларники эмас.

Бундан ташқари, «халқаро стандартларга кўра, автотранспорт ишлаб чиқарувчилари махсус равишда спидометр кўрсаткичларини ҳақиқий тезликдан юқори қилиб кўрсатади, шунда ҳайдовчи реал тезликдан баландроқ тезликни кўради», — дейди у.

Мутахассис шаҳар ва аҳоли пунктларида жарима солинмайдиган чегарани 5 км/соат даражасида сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади. 10 км/соатгача оширишга фақат шаҳарлараро йўлларда йўл қўйилиши мумкин.

«Асосий савол шундан иборатки, бундай имтиёзлар йўл ҳаракати хавфсизлиги йўлида инсон ҳаёти қурбонликларига арзийдими?» — дейди Бобур Сиражев.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассис Искандар Солиев ҳам жарима солинмайдиган чегарани ошириш режасини «йўл ҳаракати хавфсизлиги нуқтаи назаридан хавфли қарор» деб ҳисоблайди.

«Жарима солинмайдиган чегара қанчалик кичик бўлса, йўл ҳаракати хавфсизлиги даражаси шунчалик юқори бўлади», — дейди йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис Андрей Багинов.