20 мартдан Temu онлайн маркетига чеклов ўрнатилади

Temu Ўзбекистон

Ўзбекистон Истиқболли Лойиҳалар Миллий Агентлиги (ИЛМА) ва Солиқ қўмитаси мамлакат ҳудудида Хитой маркетплейси Temu’нинг фаолияти чекланишини эълон қилди.

Бу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинган. Унга кўра, электрон савдо платформаларининг операторлари фақат Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин.

Хабарда айтилишича, бир қатор хорижий платформалар Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бузмоқда. Хусусан, электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқлари соҳаларида қонунбузарликлар кузатилмоқда.

Шу сабабли, Temu’дан фойдаланиш 2025 йил 20 мартдан чекланади. Фуқароларга бугундан бошлаб Temu орқали буюртма бермаслик тавсия этилади. Аввал жойлаштирилган буюртмалар бўйича эса қайтариш жараёнларини расмийлаштириш тавсия қилинади.

ИЛМА ва Солиқ қўмитаси Ўзбекистон аҳолисига хорижий платформалар хизматларидан фойдаланмасликни маслаҳат берди. Агар бу платформалар республика ҳудудида ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки Солиқ қўмитаси рўйхатида қайд этилмаган бўлса, улардан фойдаланиш тавсия этилмайди. Шунингдек, фуқароларга ўз шахсий маълумотларини бундай платформаларга тақдим этмаслик ҳақида огоҳлантирилди.

2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро онлайн-платформалар учун янги қоидалар кучга киради. Унга кўра, компаниялар махсус рўйхатдан ўтиши ва электрон тижорат субъектлари реестрига киритилиши шарт бўлади. Асосий талаб – «локализация» бўлиб, яъни Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади. Бу қоида 2024 йил 28 декабрдан бошлаб амалга жорий этилган.

Аввалроқ ИЛМА Temu халқаро бозорларга фаол кириб бораётгани ва агрессив маркетинг стратегиясидан фойдаланаётганини таъкидлаган эди. Агентлик маълумотларига кўра, 2024 йилда Temu ўзини реклама қилиш ва нархларни тушириш учун 4 миллиард доллар сарфлаган. 2025 йилда эса бу харажатлар 10 миллиард долларга етиши мумкин.

ИЛМА Туркиядаги ҳолатни мисол сифатида келтирди. У ерда Temu’нинг бозорга кириши маҳаллий Trendyol платформасига жиддий таъсир ўтказган, шунинг учун турк ҳукумати Temu’га тўлиқ чеклов ўрнатган.

«Биз қонуний бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёрмиз ва уларга расмий равишда Ўзбекистон бозорига киришда ёрдам беришга тайёрмиз. Лекин улар бизга мурожаат қилиши керак. Temu ҳозирча бундай ташаббус билан чиқмаган, аммо маълум ҳаракатлар бор. Аввал айтганимиздек, агар талаблар бажарилмаса, уларнинг фаолияти тўхтатилиши мумкин — ҳатто блокировкагача», — деди ИЛМА Электрон тижорат бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев.

2023 йил охиридан бери Temu Ўзбекистонда энг машҳур иловалар қаторига кириб келмоқда. Масалан, App Store’да Temu иккинчи ўринни эгаллаган, Google Play’да эса рейтингда биринчи ўринни эгалламоқда.