Хитой маркетплейси Temu Ўзбекистон ҳудудида блокланиши мумкин, агар у рўйхатдан ўтиш талабларини бажармаса. Бу ҳақида 2025 йил 27 февраль куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) Электрон тижорат бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев маълум қилди, деб хабар беради Spot.
2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро онлайн платформалар учун янги қоидалар кучга киради. Компаниялар хабарномавий реестрга киритилиши ва электрон тижорат субъектлари махсус реестрида рўйхатдан ўтиши шарт. Асосий талаб — юридик шахс сифатида республиканинг резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш (локализация). Бу қоида 2024 йил 28 декабрдан бошлаб амалга татбиқ этилган (Вазирлар маҳкамасининг 885-сонли қарори).
Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, Temu агрессив маркетинг стратегияси билан халқаро бозорга фаол кириб келмоқда. ИЛМА маълумотларига кўра, 2024 йилда маркетплейс 4 миллиард доллар маблағни реклама ва нарх демпингига сарфлаган, 2025 йилда эса бу сумма 10 миллиард долларга етиши мумкин.
У Туркиядаги вазиятни мисол қилиб келтирди. У ерда Temu бозорга кириб келиши маҳаллий Trendyol платформасига жиддий зарба берди. Жавоб тариқасида Туркия ҳукумати Temu ни тўлиқ блоклади.
“Биз уларнинг қонуний бизнес сифатида ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрмиз, расман Ўзбекистон бозорига кириши учун ёрдам беришга ҳам тайёрмиз, лекин улар бизга мурожаат қилиши керак. Ҳозирча Temu томонидан бундай қизиқиш бўлмаган, аммо маълум ҳаракатлар кузатилмоқда. Илгари айтганимиздек, агар шартлар бажарилмаса, уларнинг фаолияти тўхтатилиши мумкин — ҳатто блокировка қилиниши мумкин” – деди Муҳаммадиев.
Spot мухбири Temu қачон блокланиши мумкинлигини сўраганида, ИЛМА вакили «яқин орада» деб жавоб берди. Унга кўра, Temu билан регулятор бевосита мулоқот олиб бормаган, аммо хитойлик маркетплейс томонидан озгина ҳаракатлар борлигини таъкидлади.
ИЛМА директор биринчи ўринбосари Вячеслав Пак хорижий маркетплейсларнинг ноқонуний фаолияти Ўзбекистон иқтисодиётига зарар етказишини таъкидлади. Унинг айтишича, бу платформалар орқали мамлакат бозорига келаётган товарлар учун солиқ ва божхона тўловлари тўланмайди, юк ташиш ва тўловлар хусусий компаниялар орқали амалга оширилади. Шунингдек, валюта чиқиб кетиши ортиб бормоқда, фақат Temu орқали 2024 йилда 10 миллион доллардан ортиқ маблағ мамлакатдан чиқиб кетган.
“Улар ёки Ўзбекистонда локализация қилинади ва бу ерда филиал очади, ёки солиқ рўйхатидан ўтиб, ҚҚС тўловчисига айланади” – деди Пак.
Унинг қўшимча қилишича, хорижий платформаларнинг маҳаллий ваколатхоналари йўқлиги харидорларни брак маҳсулотларни қайтариш ёки алмаштириш ҳуқуқидан маҳрум қилади. У ИЛМА ва бошка шу каби компанияларни локализация қилиш борасида катта тажрибага эга эканлигини таъкидлади.
Spot маълумотига кўра, Temu 2023 йил охиридан буён Ўзбекистондаги энг машҳур иловалар қаторига кириб келмоқда. Масалан, App Store’да иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлса, Google Play’да энг юқори ўринда турибди.