Temu блокдан чиқиши учун 46 млрд сўм солиқ тўлаши керак

Temu га 46 млрд сўм тўлаш талаби қўйилди

Хитой маркетплейси Temu Ўзбекистонда 46 млрд сўм миқдорида солиқ тўламаган. Бу ҳақида 2025 йил 1 апрель куни АИМКда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, электрон тижоратга солиқ солиш бутун дунё бўйлаб жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Солиқ органлари мамлакатда интернет-савдо бўйича тўлиқ таҳлил ўтказиб, электрон савдо билан шуғулланувчи компаниялар томонидан кўплаб солиқ тўланмаган ҳолатларни аниқлаган.

«Илгари Temu билан бирга Wildberries маркетплейси ҳам солиқ тўламаган эди. Биз барча электрон платформаларга солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқ тўлаш мажбурияти ҳақида огоҳлантирув юбордик. Шундан сўнг, Wildberries 52 млрд сўм миқдорида солиқ тўлади. Солиқ мажбуриятлари бажарилганидан сўнг, компания қонун доирасида ишлашни давом эттириши мумкинлигини тасдиқладик ва унга нисбатан ҳеч қандай даъвойимиз йўқ», — деди Мирзаев.

Солиқ қўмитаси вакили Temu тахминан 46 млрд сўм (Марказий банк курси бўйича 3,5 млн доллардан ортиқ) миқдорида солиқ тўлаши кераклигини, аммо бу дастлабки ҳисоб-китоблар эканлигини ва текширув ҳали ўтказилмаганини таъкидлади.

«Маркетплейсга бу солиқ мажбуриятлари бўйича огоҳлантириш юборилди. Солиқлар тўланганидан сўнг, Temu’нинг Ўзбекистондаги фаолиятини қонунийлаштириш учун имконият яратиб берамиз», — деди у.

Мубин Мирзаев қўшимча қилишича, Temu солиқ мажбуриятларини бажаргандан кейин, Солиқ қўмитаси унга нисбатан даъволар йўқлиги ҳақида хулоса беради.

Блокировка сабаби

2024 йил декабрь ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг 885-сон қарори билан электрон савдо платформалари операторлари учун янги талаблар тасдиқланган. Улар Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ва резидент бўлиши керак.

Электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи Истиқболли Лойиҳалар Миллий Агентлиги (ИЛМА) сервис фаолияти чекланиши мумкинлигини огоҳлантирган ва 2025 йил 20 мартдан унинг блокланганини эълон қилган.

Регулятор Temu ҳеч қандай ҳамкорликка бормаганини, солиққа рўйхатдан ўтишдан ва Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортганини маълум қилган.

Temu 2025 йил 14 мартдан Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгани маълум бўлди.

ИЛМАнинг электрон тижорат бошқармаси раҳбари Камронбек Муҳаммадиевнинг айтишича, компаниянинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши фақат Temu фаолиятини давом эттириши учун зарур бўлган қадамлардан бири, холос. Энди компания олдинги давр учун ҚҚС тўлаши ва фискал чеклар бериш учун солиқ органлари билан интеграцияни амалга ошириши керак. Таъкидланишича, маҳаллий компанияларда бу жараён тахминан бир ой вақт олган.

2025 йил 20 мартдан бери Temu сервиси Ўзбекистонда блокланган ҳолатда қолмоқда.