Божхона қўмитаси телефонларни рўйхатдан ўтказиш туфайли аэропортда юзага келган навбатлар ҳақида изоҳ берди

Ўзбекистон Божхона қўмитаси мамлакатга мобил қурилмаларни олиб киришда йўловчи божхона декларациясини онлайн тўлдириш хизмати йўлга қўйилишини маълум қилди. Бу ҳақида қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар берди.

Божхона қўмитаси, божхона назорати ва расмийлаштириш бошқармалари, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик мутахассислари, шунингдек, «Тошкент-Аэро» вакиллари вазиятни ўрганиш учун жойига чиқишди. Текширувларда UzIMEI тизими оператори бўлган Республика телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази вакиллари ҳам иштирок этди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Ўзбекистонга янги мобил қурилма олиб кирганда божхона декларациясини мажбурий тарзда тўлдириш талаб этилган. Бу талаб божхона тўловларидан озод қилинадиган товарларни олиб киришнинг чекланган миқдорига боғлиқ эмас. Агар декларация тўлдирилмаса, қурилма эгаси божхона тўлови сифатида 30% тўлашга мажбур бўлади.

Ушбу декларация телефон ва бошқа қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун асос ҳисобланади. Мазкур тизим Божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.

Бу талаб 2024 йил бошида жорий этилган. Божхона органлари ва UzIMEI тизимлари интеграция жараёнини 2023 йил октябрь ойида якунлаган.

Ҳусан Тангриев таъкидлашича, мобил қурилмаларни бевосита аэропортнинг ўзида рўйхатдан ўтказиш мажбурий эмас. IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш имконияти йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида очилган.

Йўловчи божхона декларациясини тўлдиргандан сўнг, фуқаролар учун қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш муддати 30 кун (Ўзбекистон резидентлари учун) ва 60 кун (чет эл фуқаролари учун) этиб белгиланган.

Қўмита матбуот котибининг таъкидлашича, мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштириш мақсадида бир неча чоралар кўрилган:

  • рўйхатдан ўтказиш жараёнига жалб қилинган операторлар ва ходимлар сони оширилди;
  • Божхона қўмитаси ва UzIMEI тизими ўртасида ахборот алмашинуви оптималлаштирилди, бу эса маълумотларни қайта ишлаш тезлигини оширди.

Яқин кунларда мобил қурилмалар учун онлайн-декларация тизими ишга туширилади. Бу йўловчиларга декларацияни олдиндан мобил иловалар орқали тўлдириш имконини беради.

Шунингдек, халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида декларацияни онлайн тарзда тўлдириш учун инфокиосклар ўрнатилади. Бу қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада тезлаштиради, дейилади Божхона қўмитаси хабарида.