Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 23/05/2026

Хитой Тайваннинг мустақиллигига асло тоқат қилмайди — Си Цзиньпин

ХХР раиси Си Цзиньпин 2026 йил 10 апрель куни Тайваннинг мухолифатдаги «Гоминьдан» партияси раҳбари Чжэн Ливэнь билан учрашувда Хитой Тайваннинг мустақиллигига «мутлақо тоқат қилмаслигини» маълум қилди, деб ёзади Reuters.

Бу Си Цзиньпин ва «Гоминьдан» партияси етакчиси ўртасида сўнгги ўн йилликдаги биринчи алоқаси. Чжэн Ливэнь Пекиннинг Тайванга ҳарбий босими кучайган бир пайтда амалга оширилаётган ушбу ташрифини «тинчлик йўлидаги саёҳат» деб атади.

«Бўғознинг икки томонидаги Ватандошлар — барчаси хитойликлар, тинчлик, ривожланиш, алмашинув ва ҳамкорликни хоҳлайдиган ягона оила одамларидир. Оилада уйғунлик ҳукм сурса, ҳамма нарса гуллаб-яшнайди. Тайваннинг мустақиллиги Тайвань бўғозида тинчликка путур етказувчи асосий айбдор — биз бунга мутлақо тоқат қилмаймиз ва маъқулламаймиз», — деди Си Цзиньпин.

Унинг қўшимча қилишича, Гоминьдан ва Хитой Коммунистик партияси «сиёсий ўзаро ишончни» мустаҳкамлаши ҳамда «бўғознинг икки томонидаги Ватандошларни бирлаштириши» керак.

Бунга жавобан Чжэн Ливэнь «хитой цивилизациясининг қайта тикланиши Тайвань бўғозининг икки томонидаги халқларнинг умумий интилиши» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу «жаҳон тинчлиги ва инсоният тараққиётига ижобий ҳисса» бўлади.

Чжэн Ливэнь, шунингдек, «1992 йил консенсуси»ни сақлаб қолиш «урушдан қочиш, фожианинг олдини олиш, биргаликда ҳаракат қилиш ва тинчлик ўрнатиш» йўли эканини таъкидлади.

«1992 йил консенсуси» — ўша пайтда ҳокимиятда бўлган Гоминьдан партияси ва Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги «ягона Хитой» мавжудлиги тўғрисидаги келишув бўлиб, у турлича талқинлар учун жой қолдиради, деб қайд этади BBC. Тайваннинг Демократик прогрессив партияси ушбу консенсус орол суверенитетига путур етказишини даъво қилиб, уни изчил равишда рад этиб келади.

Хитой Тайвань президенти Лай Циндэ билан музокаралар олиб боришни рад этиб, уни «сепаратист» деб атайди. Лай Циндэ маъмурияти эса, ўз навбатида, Пекин Тайбэйдаги демократик йўл билан сайланган ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши кераклигини билдирмоқда.