
Ўзбекистонда ташқи интернет канали монополиясини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 сентябрдаги «Телекоммуникация бозорини босқичма-босқич либераллаштириш ва рақобат муҳитини шакллантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, мамлакатда мобил ёки симли тармоқларга эга бўлган, лекин халқаро интернет тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқига эга бўлмаган телекоммуникация операторларига 2030 йил 1 январгача бўлган муддатга тажриба тариқасида ўзларининг тижорат эҳтиёжлари ва фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш учун бундай ҳуқуқ берилади.
Уланишни мувофиқлаштириш учун масъул орган этиб Рақамли технологиялар вазирлиги, ишчи орган этиб эса «Телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази» ДУК белгиланди.
Вазирлик Электрон технологияларни ривожлантириш маркази, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва «Киберхавфсизлик маркази» ДУК билан биргаликда 2028 йил 1 июлгача операторларни тўғридан-тўғри улаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ҳукуматга киритиши керак.
Тажрибада иштирок этиш учун талаблар
Операторлар тажрибада иштирок этиш учун қуйидагиларни бажариши керак:
- Қарор иловасида белгиланган вақтинчалик талаблар ва шартларни бажариш;
- Ишчи орган билан шартнома тузиш, унда мониторинг тартиби, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартлар бузилганлиги учун жавобгарлик чоралари акс эттирилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
- Халқаро интернет тармоқларини ривожлантириш дастурларини ва техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- Барча операторлар учун тенг шароитлар яратиш;
- Тегишли органлар билан биргаликда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашда иштирок этиш;
- Операторларнинг тажрибада иштирок этиш учун аризаларини бир ой муддатда кўриб чиқиш ва шартнома тузиш ёки асосли рад жавоби бериш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Ҳужжат телеком-компанияларнинг инвестиция фаоллигини рағбатлантиришга ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, ахборот ва миллий хавфсизликни таъминлаган ҳолда халқаро интернет тармоқларига уланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.
Вақтинчалик талаблар
Ҳукумат ўзларининг тижорат эҳтиёжлари учун халқаро интернет тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқини олишни истовчи телекоммуникация операторлари учун вақтинчалик талаблар ва шартларни ҳам тасдиқлади.
Уланиш Халқаро интернет тармоқларига уланиш махсус марказлари (ХИТУМ) орқали амалга оширилади.
Телеком-операторлар мамлакат ҳудудининг камида 50%ни қамраб олган, шу жумладан олис ва бориш қийин бўлган минтақаларни ҳам, магистрал толали-оптик тармоқларга эга бўлиши, шунингдек, рақамли бўшлиқни қисқартириш ва аҳолини кенг полосали телеком-хизматлар билан таъминлаш учун ўз телекоммуникация инфратузилмасига эга бўлиши керак.
Операторлар «Телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази» ДУКга лойиҳа ҳужжатларини тақдим этишлари керак: тармоқнинг умумий тавсифи, тармоқ ва халқаро уланишлар схемаси, ХИТУМ қурилишининг лойиҳаси ва техник схемаси, ўз инфратузилмасини ривожлантириш режаси.
Ҳужжатлар Рақамли технологиялар вазирлиги, ДХХ, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ва «Киберхавфсизлик маркази» ДУК билан мажбурий равишда келишилиши шарт.
ХИТУМ раҳбари ва асосий муҳандислари Ўзбекистон фуқаролари бўлиши керак. Ҳар бир ХИТУМ учун оператор вазирлик билан келишилган ҳолда асосий лавозимлар, шу жумладан ХИТУМ раҳбари, муҳандис-техник ходимлар, шунингдек, тезкор-қидирув тадбирлари тизими (ТҚТ), ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг номзодларини тасдиқлайди.
Ходимлар таркибида ваколатли органларнинг (Рақамли вазирлик, ДХХ, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ва Киберхавфсизлик маркази) камида тўрт нафар вакили бўлиши шарт, уларнинг фаолияти оператор томонидан молиялаштирилади.
Уланишда ТҚТ, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик бўйича қонунчилик талабларига риоя этилиши керак.
Техник шартлар:
- Географик жиҳатдан узоқ ҳудудларда камида иккита ХИТУМ;
- Халқаро уланиш нуқталари ва асосий тугунлар ҳам жиҳоз, ҳам мантиқий даражада захираланганбўлиши керак;
- Халқаро уланиш нуқталари ва асосий тугунларга ўрнатиладиган ускуналар турли мамлакатлардан камида иккита турли ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти бўлиши ва халқаро стандартларга жавоб бериши керак;
- Ўрнатилаётган ускуналар замонавий технологияларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши, ўз автоном тизимига (AS) ва минтақавий интернет рўйхатга олувчилари томонидан ажратилган IP-манзиллар блокларига эга бўлиши лозим;
- Портларнинг юкланиши 70%дан юқори бўлмаслиги керак;
- Захира энергия манбалари билан таъминлаш, «яшил технологияларга» устуворлик берилади;
- Махфий маълумотларни қайта ишлаш учун ишлатиладиган аппарат ва дастурий таъминотнинг мажбурий сертификатланиши.
Фавқулодда вазиятлар ёки хавфсизликка таҳдид юзага келган тақдирда, ваколатли органларнинг қарорига кўра, ХИТУМ фаолияти чекланиши ёки тўхтатилиши мумкин.

