Сурхондарёда уч нафар давлат хизматчиси 2,5 гектар ерни расмийлаштириш учун пора олишда гумонланмоқда

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчисимуҳандис ва қишлоқ хўжалиги бўлими ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ).

Идора маълумотларига кўра, ҳоким ёрдамчиси мансаб мавқеидан фойдаланиб, фуқародан (1996 йилда туғилган) туман ҳокимлиги захирасидаги 2,5 гектар суғориладиган ерни 30 йил муддатга ижарага олишга мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 29 млн сўм талаб қилган.

ДХХ ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда уни талаб қилинган суммани олаётганда ушлади.

Текширув давомида пуллар «Ўзгипрозем» илмий-лойиҳа институтининг «Сурвилерлойиҳа» бўлинмаси муҳандиси ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими сектор мудирига мўлжаллангани аниқланди. Улар ҳам пул олаётганда ушланди.

Барча ушланганларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

2024 йилда Ўзбекистонда 7354 нафар шахс коррупцион жиноятлар учун жазолангани — бу бир йил олдингига нисбатан 12,5% кўп. Коррупциядан етказилган зарар икки баробар ошиб, 2,8 трлн сўмни ташкил этган. Ҳукм қилинганлар ва зарар миқдори бўйича Андижон вилояти етакчилик қилган. Энг кўп ҳукм қилинганлар таълим ва тиббиёт соҳаларида фаолият олиб борган.