Сурхондарёдаги М-25 конида март ойи охиридан буён иккинчи марта газ отилиши содир бўлди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 5 май куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида кучли ер ости портлаши ва тутун ҳамда олов устуни ҳақида тарқалган хабарлар ва видеоларга изоҳ берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 5 май куни соат 6:10 да “Мустақиллик-25” конининг 202-сонли қудуғида юқори босим остида водород сульфиди юқори бўлган газ отилиши қайд этилган, натижада фаввора отилиши қайта бошланган.

“Водород сульфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқимини назорат остида ёқиш амалга оширилди. Барча зарур чора-тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказилмоқда”, — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Хабарда айтилишича, ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган ва Фавворага қарши ва газ хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Саноатда, кончиликда ва коммунал соҳаларда хавфсизликни назорат қилиш давлат инспекцияси (“Саноатконтехназорат”) мутахассисларининг туну-кун назорати остида.

“Содир бўлган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, — дейилади баёнотда. Энергетика вазирлиги жабрланганлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермади.

Аввалроқ, 2025 йил 27 март куни ҳам шу қудуқда водород сульфиди юқори бўлган газ отилиши қайд этилган эди. Ўшанда экологик хавфсизлик мақсадида қудуқни назорат остида ёқиш амалга оширилган эди. 2025 йил 22 апрель куни қудуқ стволининг ўпирилиши ва қувурларнинг отилиши натижасида фаввора отилиши тўхтаган, жойда газнинг секин оқими (грифон) кузатилган эди.

Фалокат оқибатларини бартараф этиш учун ҳодиса жойида хориждан жалб қилинган мутахассислар ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 сентябрь куни ҳам шу коннинг бошқа, 604-сонли қудуғида техноген авария содир бўлиб, водород сульфиди юқори бўлган газ сизиб чиққан эди. Ўша объектда 2025 йилнинг март ойи ҳолатига кўра консервация ишлари давом этаётган эди.