Судлар баҳссиз ишларни нотариал идораларга ўтказади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 февраль куни суд тизимини такомиллаштириш, уни рақамлаштириш ва очиқлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги саккиз йил ичида мамлакатда суд тизимини яхшилашга қаратилган 70 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Судларнинг моддий-техник базаси яхшиланди, шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб ички ҳужжат айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилди, бу эса давлат бюджетига 638 миллиард сўм иқтисод қилиш имконини берди.

2023 йили судлар 3 миллиондан ортиқ ишни кўриб чиққан, бу аҳолида ҳуқуқий саводхонлик ошганидан далолат беради, дейилади хабарда.

Бугунги кунда 14 та суд хизмати (ариза топшириш, иш юришини кузатиш, қарор нусхаларини олиш) рақамли форматда my.sud.uz портали орқали мавжуд.

Ҳозирги вақтгача 17 миллионга яқин иш ахборот тизимлари орқали олиб борилган, 15 миллиондан ортиқ суд ишлари эса инсон омилисиз автоматик равишда тақсимланган.

Президент суд тизимини такомиллаштириш ва судлар самарадорлигини ошириш бўйича ишлар давом эттирилиши зарурлигини таъкидлади.

«Суд муҳокамалари эҳтимолий натижаларини олдиндан башорат қилиш ва тахминий суд харажатларини ҳисоблаш, фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун виртуал маслаҳатчи яратиш, шунингдек, судлар томонидан белгиланган жарималарни онлайн мониторинг қилиш ва уларни электрон тарзда тўлаш имкониятлари жорий этилиши суд тизимини янада қулай ва очиқ қилади», — дейилади хабарда.

Президент сунъий интеллект ёрдамида янги имкониятларни жорий этиш мумкинлигини қайд этди.

Суд тизимининг қоғоз ҳужжат айланмасидан тўлиқ воз кечиши учун «Рақамли суд» концепцияси доирасида суд ишларини юритиш тўлиқ рақамли форматга ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади. У зарур ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда суд жараёнларининг киберхавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, судлар ва тадбиркорлар ўртасида маълумотларни электрон тарзда узатиш механизмини жорий қилиш режалаштирилган, бу эса ишлар кўриб чиқилишини тезлаштиради.

Давлат раҳбари суд тизими ахборот базаларини барча тегишли ташкилотлар билан интеграция қилиш муҳимлигини қайд этди ва «одамлар олиб борилаётган ислоҳотлардан қулайликни ҳис қилишлари керак» дея таъкидлади. Шу муносабат билан рақамлаштиришни кенгайтириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотлар базаларини суд тизими билан интеграция қилиш топширилди.

Ҳар йили судларда тахминан 1 миллион баҳссиз (яъни, жавоби аниқ) ишлар кўриб чиқилади, шулардан қарийб 200 мингтаси коммунал хизматлар бўйича қарздорликка доир ишлардир. Президентнинг таъкидлашича, бундай масалаларни нотариуслар даражасида ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун баҳссиз ишлар кўриб чиқилишини тегишли давлат идораларига ўтказиш таклиф қилинди.

Олий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиб, ҳар ой ҳукуматга (ҳар чоракда — парламентга) бизнес, солиқлар, инвестициялар, инфратузилма ва ер муносабатларига оид муҳим масалалар юзасидан таклифлар киритиши лозим.

Шунингдек, иқтисодий судларни ислоҳ қилиш ва бир хил суд амалиётини таъминлаш режалаштирилган.

Мутасадди шахсларга суд биноларининг сонини ошириш ва фуқаролар учун зарур шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди.