Strong Cities компанияси рухсатсиз квартира сотган. Ҳаммуассис ҳибсга олинди

2025 йил 15 июль куни Тошкент ҳокимлиги биноси олдида ўнлаб фуқаролар тўпланди. Улар Strong Cities турар-жой мажмуасини қурувчи компания раҳбари квартиралар учун тўланган маблағларни ўзлаштириб, хорижга қочиб кетган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришди. Бу ҳақда видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, 2021 йил ёзида ташкил этилган ва Олмазор туманидаги Усто Олим кўчасида мажмуа қурган компанияда қурилишга рухсатнома ҳужжатлари бўлмаган.

Хусусан, компания томонидан қурилишга рухсатнома олинмаган, архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилмаган, лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси билан келишилмаган.

«Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияси текшируви шуни аниқладики, объектнинг фақат ер участкасига кадастр ҳужжатлари мавжуд, қурилиш-монтаж ишларига доир ҳужжатлар эса йўқ», — дейилади хабарда.

Компанияга огоҳлантирувчи хат юборилган, шундан сўнг қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган (қачонлиги аниқлаштирилмаган). Объект зилзилабардошлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли, қурувчи ихтиёрий равишда демонтаж ишларини амалга оширган.

Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг хабар беришича, қурувчи вакиллари инспекцияга лойиҳа-смета ва бошқа техник ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва тегишли тартибда расмийлаштирилиши, шундан сўнг қурилиш ишлари давом эттирилишига ишонтирган.

Турар-жой мажмуасининг дизайн эскизлари ва у ҳақдаги маълумотлар кўчмас мулкка бағишланган сайтларда эълон қилинган. Тасвирларга кўра, учта блокдан (йўлаклардан) иборат мажмуани тўққиз қаватли қилиш режалаштирилган эди. Баъзи сайтларда объект ҳақидаги маълумотлар ўчириб ташланган.

Вазирлик фуқароларни кўчмас мулк сотиб олишда барча юридик ҳужжатлар ва қурилишга рухсатномалар мавжудлигини текширишга чақирди.

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг хабар беришича, фуқаро Нодир Т. ва Strong Cities’га асос солган бошқа шахслар 2023–2024 йилларда фуқаролар билан квартира сотиш бўйича шартномалар тузиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини олган. Рухсатномалар йўқлигидан ташқари, улар қонунни бузган ҳолда банкда алоҳида ҳисоб рақами очмаганлар.

Ягона давлат рўйхати маълумотларига кўра, «Strong Cities» МЧЖ (фаолият тури – турар-жой бинолари қурилиши) 30 миллион сўм устав фонди билан Фазлиддин Тўлқин ўғли Бекмуҳамедов ва Нодир Хайруллаевич Тошхўжаев (50%дан) томонидан таъсис этилган. Нодир Тошхўжаев, шунингдек, ташкилот раҳбари ҳисобланади. Унинг исми ва бош ҳарфи ИИББ хабар берган Нодир Т.нинг исмига мос келади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 146-моддаси 4-қисми «а» банди — жуда кўп миқдорда фирибгарлик факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Нодир Т.га нисбатан тергов жараёнида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. ИИББ Strong Cities ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан бошқарманинг Тергов бошқармасига 71-206-42-39 ёки 102 рақамлари орқали мурожаат қилишларини сўради.

Куни кеча Uchtepa City турар-жой мажмуасида текширув ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди, у ерда 5 қаватга рухсат берилган бўлса-да, 16 қават қуриш режалаштирилган. Лойиҳа Қурилиш вазирлиги томонидан рад этилган, аммо бешинчи қаватдан юқори квартиралар реклама қилинишда давом этган.