Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/05/2026

Сўхда энг қисқа йўналиш бўйлаб янги трасса қуриш режалаштирилмоқда

Президент Фарғона вилоятининг Сўх туманига янги трасса қуриш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 2026 йил 9 апрель куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишдан сўнг Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов маълум қилди.

Йўл асосан Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа маршрут бўйлаб қурилади.

«Лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиқиб, ўрганишлар ўтказамиз, шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшни давлатлар билан музокараларни бошлаймиз. Яқин вақт ичида аниқ ечимларни ишлаб чиққан ҳолда амалий ишларни бошлаш режалаштирилган», — деди Жамшид Турсунов.

Унинг сўзларига кўра, Сўх туманида 500 километрга яқин автомобиль йўллари мавжуд. Шундан 100 километри умумий фойдаланишдаги йўллар, 400 километрга яқини эса ички йўллар.

«Асосий вазифамиз — бутун йўл тармоғи бўйлаб ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъминлаш. Қабул қилинаётган янги қарор доирасида таъмирталаб бўлган барча йўл қисмларини тиклаш чораларини кўриш бўйича топшириқ олинди», — деди Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбари.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичида 4 та эксклави (Сўхдан ташқари Шоҳимардон, Чўнқора ва Жангайл), шунингдек, ўз ҳудуди ичида битта Тожикистон ва битта Қирғизистон анклави мавжуд. Ўзбекистоннинг Сўх эксклави ҳудуди бўйича ҳам, аҳолиси бўйича ҳам дунёдаги энг йириги ҳисобланади.

Бугунги кунда Сўхнинг 25 та маҳалласида 88,6 минг киши истиқомат қилади, 29 та мактабгача таълим ташкилоти, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та тиббиёт маскани ва 2 та маданий объект фаолият кўрсатмоқда.

2021 йилда Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Риштон тумани орқали Сўх эксклавига олиб борадиган йўл очилган эди. Унда пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатланишига рухсат берилган.

2022 йилда бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси учун чегарани кесиб ўтиш тартибини соддалаштиришга келишиб олгани, бироқ эксклавга алоҳида коридор очиш режалаштирилмаганини маълум қилган эди.

2026 йил март ойида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга Сўхнинг туристик инфратузилмасини янгилаш ҳамда тиббий-соғломлаштириш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича мастер-режа тақдим этилган эди. Режаларда шу номдаги дарё бўйида ва унга туташ ҳудудларда туристик объектлар, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва бошқа объектларни ташкил этиш кўзда тутилган.