
Жанубий Корея прокуратураси 2024 йилда ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ исён уюштиришда айбланаётган собиқ президент Юн Сок Ёлга нисбатан ўлим жазосини тайинлашни сўради, деб хабар бермоқда Yonhap ва Reuters. Мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери ўлим жазоси ижро этилмай келинмоқда, деб қайд этади Reuters.
Махсус прокурор гуруҳи Юн Сок Ёл иши бўйича 2026 йил 13 январь куни Сеул Марказий округ судида бўлиб ўтган якуний мажлисда ўлим жазосини талаб қилди.
Махсус прокурорнинг таъкидлашича, терговчилар собиқ президентни ҳокимиятда сақлаб қолиш мақсадида Юн Сок Ёл ва собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён томонидан ишлаб чиқилган режа мавжудлигини тасдиқлаган.
65 ёшли Юн Сок Ёл айбловларни инкор этмоқда. У давлат раҳбари сифатида ҳарбий ҳолат жорий этиш ваколатига эга бўлганини ҳамда мухолифат партиялари ҳукумат ишига тўсқинлик қилгани сабабли шундай қадам ташлаганини даъво қилмоқда.
Сеул суди ушбу иш бўйича қарорни февраль ойида чиқариши кутилмоқда.
Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш билан боғлиқ яна 3 та суд иши бўйича ҳам иштирокчи ҳисобланади. 2025 йил декабрь ойи охирида прокуратура собиқ президентни одил судловга тўсқинлик қилиш иши бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилган эди.
2024 йил декабрь ойи бошида Юн Сок Ёл Жанубий Кореяни «коммунистик кучлар»дан ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳолат жорий этган ва мухолифатни «антидавлат фаолияти»да айблаган эди. Фармон парламент қарори билан бекор қилинди. Кейинроқ депутатлар Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш учун овоз беришди, апрель ойида эса Конституциявий суд уни тасдиқлади.
2025 йил июнь ойида Жанубий Кореяда муддатдан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Ли Чжэ Мён ғалаба қозонди.

