Шаҳрисабз аэропорти 2025 йил 26 март куни икки ҳафталик танаффусдан сўнг мунтазам йўловчи рейсларини қабул қилишни қайта бошлади, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Биринчи рейсни Silk Avia авиакомпаниясининг US721 парвози очди. Ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан соат 11:17 да Шаҳрисабз аэропортига қўнди.
Аввал хабар қилинганидек, Шаҳрисабз аэропорти 13 март куни учиш-қўниш йўлагининг (УҚЙ) капитал таъмири муносабати билан вақтинча иш фаолиятини тўхтатган эди.
«Узоқ муддатли эксплуатациядан сўнг, йўлак қопламасини мустаҳкамлаш ва янги асфальтга алмаштириш ишлари олиб борилди. Яқин кунларда қайрилиб олиш йўлаги таъмири ҳам якунланади, бу эса парвозларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини оширади», — дейилади матбуот хизмати хабарномасида.
Компаниянинг аввалги маълумотларига кўра, Шаҳрисабз аэропорти ҳаво кемаларини қабул қилиш бўйича чекловларга эга эди — рейслар ҳафтасига икки марта кичик L-410 самолётларида амалга оширилар эди. УҚЙ таъмиридан сўнг аэропорт ўрта масофали ATR-72 самолётларини қабул қилиш имкониятига эга бўлади ва рейслар сони ҳафтасига уч мартагача оширилади.