2024 йил 28 декабрда ижтимоий тармоқларда боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан курашаётган видеоси тарқалди ва катта муҳокамага сабаб бўлди. Экология вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, Шаҳрам Ғиёсовга нисбатан ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш моддаси бўйича маъмурий баённома тузилди ва 3 базавий ҳисоблаш миқдори (1 БҲМ – 375.000 сўм), яъни 1.125.000 сўм қийматида жаримага тортилди.
Шаҳрам Ғиёсов Экология вазирлигига чақирилган ва ҳайвонларга нисбатан бундай муносабатда бўлишга йўл қўйилмаслиги ҳақида суҳбат ўтказилган. Боксчи қилган ишидан иқрор бўлган ва бошқа бундай вазият такрорланмаслигини таъкидлаган.
Машғулот ўтказилган муассаса, яъни Buka Gym ҳам уларга тегишли машғулот залида ушбу видео олингани учун узр сўраган. Бир кун ўтиб, 29 декабрь куни, Buka Gym айиқнинг эгасини топиб, айиқни Фарғона шаҳри зоопаркига ҳадя қилиш учун айиқни харид қилган. Айиқни боқиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатларни ҳам ўз зиммасига олди.