
Олий Мажлис Сенати 2026 йил 7 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида уй-жой фондини янгилаш, ерлардан самарали фойдаланиш ва бу борадаги лойиҳалар учун шаффоф қоидаларни белгилашни назарда тутувчи «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.
Парламент юқори палатаси маълумотларига кўра, ҳужжат уй-жой танқислигидан тортиб, мавжуд уйларнинг эскириши ва шаҳар ҳудудларидан самарасиз фойдаланишгача бўлган бир нечта тизимли муаммоларни ҳал қилиши керак. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда уй-жойга бўлган йиллик эҳтиёж 140−150 минг хонадонни ташкил этади, бунинг учун ҳар йили қўшимча 2000 гектарга яқин ер талаб қилинади.
Шаҳарсозлик реновацияси деганда ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилашга, шунингдек, бино ва иншоотларни яроқли, қулай ва энергия тежамкор ҳолатга келтиришга, жумладан, улардан самарали фойдаланиш ва ер участкаларини қайта режалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.
Сенатор Эркин Гадоев таъкидлаганидек, мамлакатда 42 мингдан ортиқ кўп қаватли уй (1,4 млн хонадон) мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 74 фоизи 1991 йилгача қурилган. Унинг сўзларига кўра, уйларни янгилаш бўйича ягона ҳуқуқий базанинг йўқлиги бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди:
- давлат, инвестор ва мулкдорлар ўртасидаги муносабатлар тўлиқ шаффоф эмас;
- ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш мураккаб;
- айрим фуқаролар мулк учун бозор баҳосидан 10 баравар юқори товон пули талаб қилмоқда;
- реновация лойиҳалари ижтимоий ва инфратузилма соҳасига қўшимча юк бўлмоқда.
Реновация доирасида 2025 йилда 20 минг, 2026 йилда эса 30 минг хонадон қуриш режалаштирилган. Сенаторнинг қайд этишича, 17 мингта 2−3 қаватли уй (255 минг хонадон) ўрнига 900 минг хонадонли замонавий 7−9 қаватли уйлар қуриш мумкин. Бу 20 минг гектар ерни тежаш ва 4,5 млн кишини уй-жой билан таъминлаш имконини беради.
Реновация қандай ишлайди
Қонун давлат, инвесторлар ва мулкдорларнинг улушли иштироки механизмини жорий этади. Давлат реновация жамғармаси орқали ўзига тегишли ер ёки мулк қиймати ҳажмида лойиҳаларга кириши мумкин. Шунингдек, Республика ва ҳудудий жамғармалар ташкил этилиб, улар ҳисобидан инвесторлар учун жозибадор бўлмаган олис ҳудудлардаги авария ҳолатидаги уйларни янгилаш кўзда тутилган.
Мулкдорлар учун кафолатлар
Қонунда уй-жой мулкдорлари учун муҳим кафолатлар белгиланган:
- Реновация фақат ихтиёрий розилик асосида амалга оширилади: лойиҳани бошлаш учун мулкдорларнинг камида 80 фоизи нотариал тасдиқланган розилиги, амалга ошириш учун эса ҳар бир мулкдор билан алоҳида келишув талаб этилади. Товон пули масалалари 100 фоиз ҳал этилмагунча бузиш ва қуришга йўл қўйилмайди.
- Агар товон пули 24 ойдан кўпроққа кечикса, ҳар бир кун учун 0,05 фоиз миқдорида пеня тўланади.
- Аҳоли товон шаклини танлаш ҳуқуқига эга: янги уй-жой (шу туманда ёки бошқа жойда), нотурар жой ёки пул маблағлари. Янги уйнинг майдони аввалгисидан кам бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, вақтинчалик ижара харажатлари қопланади ва 12 фоиз миқдорида қўшимча компенсация тўланади.
Бизнес учун имкониятлар
Тадбиркорлар учун лойиҳаларни амалга оширишнинг ягона қоидалари, босқичлари ва назорат механизмлари жорий этилмоқда. Лойиҳа тасдиқлангач, ҳар бир мулкдор билан уч томонлама нотариал шартнома тузилиши ҳуқуқий хавфларни ва низоларни камайтиради.
Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради. Аввалроқ ҳужжатда 100 фоизлик розилик талаб этилиши мунозараларга сабаб бўлган эди, чунки қурилиш соҳаси вакиллари биргина мулкдорнинг рад жавоби бутун лойиҳани тўхтатиб қўйиши мумкинлигини таъкидлаган эдилар. Янги таҳрирда эса лойиҳани иницияция қилиш учун 80 фоизлик чегара белгиланмоқда.