Самарқанд вилоятида аёл 7 ойлик чақалоғини кўчада қолдириб кетди

Сирдарё вилоятида яшовчи 21 ёшли аёл Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги маҳаллалардан бирининг кўчасида етти ойлик чақалоғини қолдириб кетиб, яширинди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда аёл ва қиз болани кўча бўйлаб олиб кетаётгани, бироздан кейин эса улар боласиз кетаётгани акс этган. Хабар қилинишича, бола билан бирга хат ҳам қолдирилган.

Болалар омбудсмани офиси вазиятни назоратга олгани, она ва боланинг исмлари маълум эканини хабар қилди. Ҳозирда ҳолат ички ишлар органлари ва прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Бола чақалоқлар уйига топширилган, унга зарур парвариш кўрсатилмоқда.

“Ота-оналик мажбуриятларини суиистеъмол қилиш ва ўз боласига ғамхўрлик қилмаслик бола ҳуқуқларини бузишнинг бир шаклидир. Айрим фуқаролар томонидан ўз болаларига нисбатан содир этилган бундай ҳаракатлар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Ҳар бир бола қонун ва давлат ҳимоясидадир”, — дейилади болалар омбудсмани офиси баёнотида.