
Россия президенти Владимир Путин Россия ҳудудида бўлиб турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши лозим бўлган муддатни 2025 йил 10 сентябргача узайтириш тўғрисида фармон имзолади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миграция агентлиги.
Аввалги фармонга кўра, Россиядаги хорижликлар 2025 йил 30 апрелгача ўз ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши ёки мамлакатни мустақил равишда тарк этиши лозим эди.
«Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Россияда ишлаётган, ҳужжатларида камчиликлари мавжуд бўлган барча ватандошларимизга ҳуқуқий ва амалий ёрдам беришга тайёр», — дейилади агентлик хабарида.
Легаллаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан қуйидаги телефон рақамлари ва Telegram-ботлар орқали мурожаат қилиш мумкин:
(95) 985−33−55, (95) 983−33−55, +7 (925) 045-47-44,
Telegram: @pomoshrussiamigrant
WhatsApp: +7 (925) 045-47-44
Telegram-бот: @huquqiy_yordam_uzbot
2024 йилда Владимир Путин миграция қоидаларини қаттиқлаштирувчи бир қатор қонунларни имзолаган эди. Ушбу ҳужжатлардан бири назоратдаги шахслар реестри орқали муҳожирларни ҳисобга олиш механизмини назарда тутади. Бу чора Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланилади. Улар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар реестрга давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, виза ёки яшаш гувоҳномаси бекор қилинган кундан бошлаб киритилади.
Реестрга киритилгандан сўнг, улар Россияни тарк этиши ёки у ерда яшаш учун ҳуқуқий асосга эга бўлиши лозим. Унгача эса уларга айрим чекловлар қўлланилади, жумладан: кўчмас мулк ва транспорт воситаси сотиб олиш, никоҳдан ўтиш, бизнес рўйхатдан ўтказиш, банк ҳисоб рақами очиш, болаларни боғча ва мактабга жойлаштириш тақиқланади.
2025 йил 5 февралдан бошлаб Россияда ноқонуний муҳожирларни чиқариб юборишнинг махсус тартиби амалга киритилди. У, жумладан, ИИВга муҳожирларни суд қарори бўлмасдан РФдан чиқариб юборишга рухсат беради. Илгари бундай қарорни фақат суд ёки чегара хизмати қабул қилар эди.