
Россия Украинадаги энергетика инфратузилмаси объектларига зарба беришни қайта тиклади. 2026 йил 3 февралга ўтар кечаси Киев, Харьков, Днепр, Одесса ва бошқа шаҳарлар ҳужумга учради.
«Украинанинг саккизта вилояти зарба остида қолди, — деб хабар берди биринчи бош вазир ўринбосари ва энергетика вазири Денис Шмигаль. — Бир неча турдаги баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар билан зарбалар берилди: кўп қаватли уйлар ҳамда Киев, Харьков ва Днепрдаги фақат туманларни иситиш режимида ишлаётган иссиқлик электр марказлари (ИЭМ) ва иссиқлик электр станциялари (ИЭС) нишонга олинди».
«Нишонлар ҳарбий эмас, фақат фуқаролик объектлари: ҳаво ҳарорати -25 даража бўлган энг қаттиқ қиш совуқларида юз минглаб оилалар, жумладан болалар, қасддан иссиқликсиз қолдирилди!» — дея қўшимча қилди у.
Киевда 1100 дан ортиқ уй иссиқлик таъминотисиз қолди. Бир нечта туманларда дрон парчалари маъмурий ва турар жой биноларига тушган, беш киши жароҳатланган.
Одесса вилоятида минтақа жанубидаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига зарбалар берилди. 50 минг дан ортиқ аҳоли вақтинчалик электр таъминотидан маҳрум бўлди.
Винница вилоятида ўққа тутиш натижасида 50 та аҳоли пункти электрсиз қолди. Харьков вилоятида 820 та уйда иситиш ва сув таъминоти ўчирилди.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг хабар беришича, 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Россия Украина бўйлаб 450 та дрон ва 38 та ракета учирган, 27 та ракета ва 31 та дроннинг нишонга теккани қайд этилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина шаҳарларига қилинган тунги ҳужумга ҳозирча изоҳ бермади.
2026 йил 1 февралга қадар Россия ва Украина ўртасида энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича қисқа муддатли мораторий амал қилган эди. Бу ҳақда АҚШ президенти кучли совуқлар туфайли Россия президентидан илтимос қилганди.
Россия зарбаларнинг тўхтатилишини Абу-Дабидаги музокараларни ўтказиш учун «қулай шароитлар яратиш» билан изоҳлаган эди. АҚШ, Украина ва Россия делегацияларининг иккинчи учрашуви 4 февралга белгиланган.