Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиш санаси аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

2025 йилда муборак Рамазон ойи 1 март кунидан бошланиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига айни ойда миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Бу ойда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида қатор эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • Эҳтиёжмандлар ва илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам кўрсатиш;
  • Оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш;
  • Атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, кўчатлар экиш;
  • Исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва барча тадбирларда меъёрга амал қилиш.

Мазкур қарорнинг ижроси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Президент маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклатилди.