Ўзбекистонда Рамазон ҳайити муносабати билан расмий дам олиш кунлари ҳали аниқ белгиланмаган. Бу ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитининг аниқ санасини эълон қилгандан кейин маълум бўлади. Ҳижрий тақвимга асосан, Рамазон ойи ой чиқишига қараб тугайди ва ҳайит куни уламолар томонидан тасдиқланади.
Рамазон ҳайити қачон нишонланади?
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Рамазон ҳайити 2025 йилнинг 31-март, душанба кунига тўғри келиши тахмин қилинган эди. Бироқ қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бу йил Рамазон ойи 29 кун давом этиши ва ҳайит 30-март, якшанба куни нишонланиши расман эълон қилинди.
Агар Ўзбекистонда ҳам Рамазон ҳайити 30-март куни деб эълон қилинса, у ҳолда Меҳнат кодексининг 208-моддасига кўра, дам олиш куни байрамдан кейинги иш куни – 31-март, душанба кунига кўчирилади.
Рамазон ҳайити муносабати билан дам олиш кунлари
Рамазон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликлар учун дам олиш кунлари қуйидагича бўлиши мумкин:
29-март (шанба) – 5 кунлик иш тартибидаги ходимлар учун дам олиш, 6 кунликлар учун иш куни;
30-март (якшанба) – Рамазон ҳайити;
31-март (душанба) – 30-мартдан кўчирилган барча учун дам олиш куни.
Қўшимча дам олиш куни бўладими?
Ҳозирча, олти кунлик иш режимида ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни берилиши ёки берилмаслиги аниқ эмас. Яъни, 29-март (шанба) куни барча учун расман дам олиш куни деб эълон қилинадими-йўқми, бу борада ҳозирча расмий хабар йўқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитининг аниқ кунини эълон қилгандан сўнг, дам олиш кунларига оид расмий қарорлар тасдиқланиши кутилмоқда.