Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 март куни энергетик самарадорликни ошириш ва энергия сервис компаниялари бозорини ривожлантириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллий энергетик самарадорлик агентлиги ташкил этилади. Унинг асосий вазифаларидан бири энергетик самарадорликни ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳада рағбатлантириш ва таъсир чораларини ишлаб чиқиш ва тартибга солиш, шунингдек, энергия тежамкорликдан даромад оладиган энергия сервис компаниялари (ЭСКО) бозорини ривожлантиришдан иборат бўлади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб Агентлик аҳолининг уй-жойларида энергия аудитини ўтказиш ва энергия самарадор ускуналар ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажрата бошлайди.
Хусусан, субсидиялар қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар (сув иситгичлар) қийматининг 20% гача, шунингдек, ҳаво, сув ва геотермал иссиқлик насослари қийматининг 40% гача бўлган қисмини қоплайди. Бироқ субсидия миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробарига тенг суммадан (18,75 млн сўм) ошмаслиги лозим.
Субсидиялар фақатгина Энергетик самарадорлик платформаси орқали харид қилинган ускуналарга татбиқ этилади. Ушбу платформани 2025 йил 1 сентябрга қадар ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, агентлик ҳузурида бюджетдан ташқари Энергетик самарадорликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
2025 йил 1 октябрга қадар ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар учун энергия самарадор технологиялар бўйича “яшил” стандартлар жорий этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 26 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев аввало йирик саноат корхоналарида замонавий энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш ва энергия йўқотишларини қисқартириш зарурлигини таъкидлади. Ҳукуматга ушбу соҳада янги назорат ва ижро тизими доирасида ишларни йўлга қўйиш топширилди.