Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 28/05/2026

Ўзбекистон президенти қурилишдаги бюрократия ва кечикишларни танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 14 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда қурилиш соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини муҳокама қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари жаҳон қурилиш индустрияси шиддат билан ўзгариб бораётганини — янги технологиялар, стандартлар ва лойиҳавий ечимлар жорий этилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон қурилиш тизими ушбу ўзгаришларга қанчалик мос келаётгани, шунингдек, объектларнинг сифати, тезлиги ва сейсмик чидамлилигига етарлича эътибор қаратиляптими, деган саволлар долзарблигича қолмоқда.

Ҳар йили савдога 6500 гектар ер ва 600 минг квадрат метр кўчмас мулк чиқарилаётгани, кичик ва ўрта бизнесга 140 триллион сўмлик ресурслар ажратилаётганига қарамай, тадбиркорлар ҳанузгача жиддий тўсиқларга дуч келмоқдалар.

У ер ва молия мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бюрократия, коррупция ва сансалорлик сабабли лойиҳаларни ишга тушириш ойлаб, йиллаб кечиқиб кетаётганини қайд этди. Бунда ҳали муомалага киритилмаган ер участкалари учун солиқлар, кредитлар бўйича эса фоизлар ҳисобланаверади.

Қарорларни тайёрлаш доирасида соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг якунлари бўйича мингдан ортиқ таклифлар олинди. Улар асосида йиғилишда муҳокама қилинган янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Президент урбанизациянинг иқтисодиёт учун аҳамиятига ҳам эътибор қаратди.

«Бир нарсани тушуниш муҳим: агар урбанизация даражаси 1 фоизга ошса, иқтисодиёт ҳам камида 1 фоизга ўсади. Инвестициялар, бизнес ва стартаплар кўпаяди, меҳнат унумдорлиги бир неча бор ортади. Бунинг учун мамлакатда урбанизациянинг барқарор ривожланишига нисбатан ягона ёндашув бўлиши керак», — деди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 38 миллион кишидан ошди, урбанизация даражаси 51 фоизга етди, бунда қарийб 20 миллион киши шаҳарларда истиқомат қилмоқда.

Бош режаларни ишлаб чиқиш учун ҳар йили 200−250 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шавкат Мирзиёев ушбу маблағлар биринчи навбатда долзарб шаҳарсолик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга йўналтирилиши кераклигини таъкидлади.

Бош режаларнинг йўқлиги лойиҳаларни амалга оширишни, шу жумладан кичик шаҳарлар ва посёлкаларда ҳам тўхтатиб қўймоқда, ваҳоланки бизнес ўз маблағларини инвестиция қилишга тайёр, деди.

2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича келиб тушган 112 мингта аризанинг 14 фоизи айнан бош режалар йўқлиги сабабли рад этилган. Натижада 4000 гектарга яқин ер иқтисодий муомалага киритилмай қолган, бюджет эса 550 миллиард сўм даромадни йўқотган.

Шу муносабат билан уч ой муддатда ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни автоматик тарзда — онлайн ва инсон омилисиз, 5−10 дақиқада кўриб чиқиш тизимини жорий этиш топширилди.

Шунингдек, давлат раҳбари бош режаларнинг инфратузилма — сув таъминоти, канализация, газ, электр энергияси ва йўлларни молиялаштириш муддатлари ва манбалари аниқ тушунилмасдан туриб тасдиқланиши амалиётини танқид қилди.

У ҳар бир бош режа учун амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган босқичма-босқич комплекс дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда улар аҳоли ва бизнесга етказилиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилганидек, бундай дастурларнинг мавжуд эмаслиги инфратузилмани 2−3 бараварга қимматлашишига олиб келмоқда ва тартибсиз қурилишларни сақлаб қолмоқда.

Ҳокимларга икки ой муддатда вилоят ва туман марказлари учун тасдиқланган бош режаларни амалга ошириш бўйича комплекс дастурларни тайёрлаш топширилди. Бунда молиялаштириш манбаларини — Республика ва маҳаллий бюджетлар ёки халқаро молия институтлари ҳисобидан эканлигини аниқ белгилаш зарур.