
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 20 май куни Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига кўра, 2026 йилда байрамнинг биринчи куни 27 май — чоршанба кунига тўғри келади.
Ҳужжатда Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни ҳисобланиши эслатиб ўтилган.
Бундан ташқари, президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги 2026 йилда қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги фармонига асосан қуйидаги кунлар қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланган:
- иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун — 28 май, пайшанба ва 29 май, жума;
- олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун — 30 май, шанба.
Шундай қилиб, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон аҳолиси кетма-кет беш кун дам олади:
- 27 май, чоршанба — байрам ишланмайдиган куни;
- 28 май, пайшанба — қўшимча дам олиш куни;
- 29 май, жума — қўшимча дам олиш куни;
- 30 май, шанба — дам олиш куни;
- 31 май, якшанба — дам олиш куни.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳаллалар уюшмаси, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини миллий анъана ва урф-одатларга мос равишда ўтказиш чораларини кўриш топширилди.
Туризм қўмитасига Транспорт вазирлиги билан биргаликда байрам кунларида фуқароларнинг муқаддас ва тарихий зиёратгоҳларга ташриф буюришлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифаси юклатилди.