Қозоғистон олти ойга товуқ тухумларини олиб киришни тақиқлади

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2025 йил 9 апрелдан бошлаб мамлакатга чет элдан, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларидан товуқ тухумларини олиб киришга олти ойлик тақиқ жорий этди.

Вазирлик маълумотига кўра, тақиқ маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, баҳор-ёз мавсуми даврида киритилган.

«Ушбу даврда тухумга бўлган талаб пасайиши кузатимоқда, бозор эҳтиёжлари тўлиқ равишда саноат ишлаб чиқариши ва якка тартибдаги хўжаликлар маҳсулотлари ҳисобига қопланмоқда. Бу омил парранда фабрикалари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда, тухум нархи пасаймоқда. Нархнинг таннархдан пастлашиши корхоналар рентабеллигига салбий таъсир кўрсатади», — дейилади хабарда.

Тақиқ Қозоғистон ҳудуди орқали тухумларни транзит тарзда олиб ўтишга, шунингдек, ЕОИИнинг бир давлатидан бошқа давлатга Қозоғистон ҳудуди орқали тухум етказиб беришга тааллуқли эмас.