Тошкентда тўққиз қаватли уйда газ портлади. Сабаб сифатида суиқасд уриниши кўрсатилмоқда

Шанба, 2025 йил 1 март куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув-4 массивида жойлашган тўққиз қаватли уйнинг охирги қаватида газ портлагани ҳақида пойтахт ФВВ матбуот хизмати хабар берди. Бу ҳақида навбатчилик қисмига 15:23 да чақирув келиб тушган.

Ҳодиса жойига тезкорлик билан ёнғин-қутқарув хизматлари, шунингдек, ИИБ, прокуратура ва пойтахт соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари етиб борди. Ёнғин 16:07 да бартараф этилди.

Қутқарувчилар 6 кишини эвакуация қилиб, уларни тез тиббий ёрдам бригадаларига топширди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, ҳодиса натижасида бир неча киши (аниқ рақамлар келтирилмаган), шу жумладан, икки бола жабрланган. Болалардан бири касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган, иккинчиси мутахассислар назоратида.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш сабаби фуқаролардан бирининг ўз жонига қасд қилишга уринишидир. У ошхонада газни очиб қўйган, натижада газ-ҳаво аралашмасининг портлаши ва ёнғин содир бўлган. Кейин эса эркак ойнадан сакраб, ҳалок бўлган.

Кейинчалик шаҳар маъмурияти маълум қилишича, Мирзо Улуғбек туманида ҳодиса муносабати билан тезкор штаб ташкил этилган.

Маълум бўлишича, портлаш натижасида кўп қаватли уйнинг қўшни квартиралари ҳам зарар кўрган.

Ҳокимият маълумотига кўра, Тошкент шаҳар ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари жабрланган хонадон эгалари ва уларнинг оилаларини вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштириш чораларини кўрган. Улар иссиқ овқат билан ҳам таъминланади.

Мутасадди идоралар зарарни баҳолаш ва уни бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда.