Марказий банк: “Телефон қўнғироқларга жавоб берилса, картадан пул ечилмайди”

Ижтимоий тармоқларда қўнғироққа жавоб берилса, картадан автоматик равишда пул ечилиши ҳақида турли хабарлар тарқалди. Марказий Банк ушбу масала бўйича ўз изоҳини берди ва унга кўра, қўнғироқларга жавоб бериш, фойдаланувчининг банк картасидан пул ечилишига олиб келмайди. Бунинг учун барча хавфсизлик чоралари кўрилган.

Банк карталарини турли иловалар билан ишлаш давомида телефон рақамга боғлаш кетма-кетлиги қуйидагича:

  • Иловага банк картасини улашда телефон рақами кўрсатилиши
  • Кўрсатилган рақамга смс орқали махсус код келиши
  • Келган кодни илова орқали киритилиши керак

Юқорида айтилган ҳаракатлар кетма-кетлиги натижасида банк картаси телефон рақамга боғланиши мумкин.

Банк картасидан пул ечилиши мумкин бўлган ҳолатлар:

  • Фойдаланувчи шахсий маълумотлари (логин, пароль ёки смс орқали қабул қилинган код) учинчи шахсларга (кўпинча товламачилик орқали бундай маълумотлар олинади) берилганда
  • Смартфонга номаълум (хавфсизликка таъсир қилувчи) иловалар ўрнатилганда. Шу жумладан, ижтимоий тармоқларда шундай иловалар тарқатилгани кузатилган.

Ундан ташқари, 2024 йил 1 ноябрдан Марказий банк томонидан банк карталари билан ноқонуний ҳаракатларини олдини олиш мақсадида, мобил иловада янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчи томонидан кредит олинса, олинган кредитни бошқа банк картасига ва электрон ҳамёнга ўтказиш, телефон ҳисобни тўлдириш, чет элга пул ўтказмалари, онлайн валюта алмаштириш ва шунга ўхшаш хизматлар учун 48 соатлик чеклов ўрнатилган.

Чекловларни ечиш учун, мижоз 48 соат давомида смс орқали кўрсатилган рақамга (банкка) қўнғироқ қилиб, кредит у томонидан, яъни товламачилик ҳолати эмаслигини айтиши керак. Банк ишчиси ушбу маълумотларни текшириб, қўшимча маълумотларни аниқлаб, яъни товламачилик эмаслигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг чекловларни олиб ташлаши мумкин.

Марказий Банк аҳолини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиладиган асоссиз маълумотларга ишонмасликка ва расмий маълумотлардан фойдаланишга чақиради.