Тўлов асосидаги давлат хизматлари финтех-иловаларда ҳам тақдим этилади – Рақамли технологиялар вазири

Ўзбекистонда пулли давлат хизматлари банк ва молиявий иловаларда ҳам тақдим этилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бу хизматларнинг мавжудлигини бошқа иловаларда ҳам: банк, молиявий иловаларда ҳам ошириш вазифаси қўйилган. Ўтган йили биз бу тажрибани бепул давлат хизматлари билан бошлаган эдик. Бугун Президент уларга пулли давлат хизматларини ҳам кўрсатиш имкониятини беришни топширди», – деди у.

«Ушбу иловалар мижозлари ўз интерфейсларида ишлашга одатлангани сабабли, бу фойдаланувчиларга ушбу иловалар орқали қўшимча пулли хизматларни ҳам олиш учун қўшимча қулайлик яратади», – дея таъкидлади вазир.

Унинг сўзларига кўра, Президент барча мавжуд онлайн давлат хизматларини ягона My.gov.uz порталига (ЯИДХП) ўтказишни ҳам топширган. Бундан ташқари, уларнинг рўйхатини кенгайтириш режалаштирилган – турли даражадаги давлат хизматларининг камида 70%ини ушбу портал орқали олиш мумкин бўлади.

Бироқ, бунинг учун, вазирнинг таъкидлашича, давлат органлари ҳам ўз ички жараёнларини рақамлаштириш учун янги ахборот тизимларини жорий этиш бўйича жиддий иш олиб бориши талаб этилади.

Шерзод Шерматов Ўзбекистон телекоммуникация сектори ўсиш суръатлари бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи ўринга чиққанини таъкидлади. Жорий йилдаёқ Ўзбекистондан IT-хизматлар экспорти 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда – бу кўрсаткичга дастлаб 2028 йилгача эришиш режалаштирилган эди.

Вазир Ўзбекистоннинг IT-соҳасига хорижий инвесторларни жалб этишга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳар ойда хорижий капитал иштирокида 30 дан ортиқ янги компания очилмоқда. Таққослаш учун: 2017 йилда бундай компаниялар 10 тадан кам эди. Иқтисодий тадқиқотлар марказининг яқинда ўтказган сўровига кўра, аксарият хорижий компаниялар ва уларнинг ходимлари мамлакатдаги шароитлардан мамнун ва Ўзбекистонни бошқа инвесторларга бизнес учун қулай жой сифатида тавсия қилишга тайёр.