
Озарбайжон Бош прокуратураси жиноят иши бўйича давлатлараро қидирувда бўлган 43 ёшли Ўзбекистон фуқароси А. Юсуповни Тошкентга экстрадиция қилди. Бу ҳақда Озарбайжон вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
А. Юсупов Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиш билан боғлиқ жиноятни содир этишда айбланиб қидирувда бўлган. 2025 йил апрел ойида у Озарбайжон ҳудудида аниқланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Озарбайжон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Ўзбекистон фуқаросини жиноий жавобгарликка тортиш учун топшириш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди.
2002 йил 7 октябрдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Конвенция асосида уни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айбланувчи Ўзбекистон ваколатли органига Адлия вазирлиги Жазони ижро этиш хизмати махсус бўлинмасининг конвойи остида топширилди.
2021 йил март ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда Президентни оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилган эди (3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).
2023 йил октябрь ойида суд Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг 19 ёшли фуқаросини Instagram’да Президентга нисбатан ҳақоратомуз изоҳ қолдиргани учун 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган эди. Суд, шунингдек, судланувчининг профилини блоклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўшанда «Газета.uz» ушбу модда бўйича судланувчилар озодликни чеклаш жазосини олган ўнга яқин суд қарорларини ўрганиб чиққан ва бу кўп ойлардан бери Президентни ҳақорат қилганлик учун биринчи маротаба қамоқ жазоси тайинланганини аниқлаган эди.
2025 йил март ойида суд Эрондан қайтган Наманганнинг 27 ёшли фуқаросини Facebook’да Президентга нисбатан ҳақоратомуз ва туҳматли изоҳлар қолдиргани, шунингдек, ноқонуний равишда хорижга чиққани учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

