1 февралдан тезкор поездларга нархлар яна оширилади

Тезкор ва юқори тезликдаги поездларга нархлар 2025 йил 1 февралдан оширилади

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг хабарига кўра, 2025 йил 1 февралдан Ўзбекистон бўйлаб йўналишларда ҳаракатланувчи юқори тезликдаги ва тезкор поездларга нархлар оширилади:

  • Afrosiyob тезкор поезди: эконом-класс – 20%, VIP ва бизнес-класс – 25%;
  • “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” – 30%.

Юқоридаги нархлар ўсишини инобатга олган ҳолда, Afrosiyob поездига нархлар қуйида келтирилган:

Тошкент – Самарқанд:

  • Эконом – 294.000 сўм
  • Бизнес – 450.000 сўм
  • VIP – 619.000 сўм

Тошкент – Қарши:

  • Эконом – 406.000 сўм
  • Бизнес – 634.000 сўм
  • VIP – 854.000 сўм

Тошкент – Бухоро:

  • Эконом – 484.000 сўм
  • Бизнес – 751.000 сўм
  • VIP – 994.000 сўм

Компания темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, электр энергияси ва ёқилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш, шунингдек, йўловчи вагонларини янгилаш, янги электр поездлари сотиб олиш, вокзалларни замон талабларига мувофиқ сақлаш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида тарифларни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 10 октябрдаги Ўзбекистон президентининг темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилишга оид қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликдаги ва тезкор поездларда йўловчи ташиш хизматлари учун давлат томонидан тарифларни тартибга солиш амалиёти тўхтатилди. Шунингдек, тарифларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилди.

Шундан кейин тарифлар бир неча марта оширилди: 2023 йилнинг 1 ноябрь кунидан, 2024 йилнинг 20 январь кунидан ва 2024 йилнинг 15 май кунидан бошлаб.

2023 йил ноябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси аввалги зарарли фаолиятидан чиқиб, 2024 йилда 30 миллиард сўм фойда билан ишлаши режалаштирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Қўшимча равишда:

1 февралдан маҳаллий йўналишдаги йўловчи (ётоқли) поездлар чипта нархининг тариф қисми ҳам 10.5% га оширилмоқда.