2025 йил 4 март куни (сешанба) “Пахтакор” жамоаси Осиё Элит Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида Саудия Арабистонининг кучли клубларидан бири “Ал Ҳилол”га қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкентдаги “Жар” стадионида кечади.
Беллашувда “Пахтакор”нинг муҳим ўйинчиларидан бири Сардор Собирхўжаев дисквалификация сабабли иштирок этолмайди.
Айни пайтда “Ал Ҳилол” жамоасини португалиялик мутахассис Жорже Жезуш бошқармоқда. Риёдлик клуб ўз тарихида Саудия Арабистони чемпионлигини 19 марта, ички кубокларни 37 марта қўлга киритган. Шунингдек, тўрт марта Осиё Чемпионлар Лигасида зафар қучган.
Икки жамоа шу пайтгача 8 марта тўқнаш келган. Улардан 5 тасида “Ал Ҳилол” ғалаба қозонган, қолган 3 учрашув эса дуранг натижа билан якунланган. Голлар фарқига келсак, “Пахтакор” 5 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган, “Ал Ҳилол” эса 15 та гол урган. “Пахтакор” ҳужумчиси Игорь Сергеев мазкур рақибга қарши икки бор гол уришга муваффақ бўлган.
Қизиқарли жиҳатлардан бири шуки, “Пахтакор” ва “Ал Ҳилол” Осиё Чемпионлар Лигасида энг кўп иштирок этган жамоалар саналади – ҳар икки клуб 19 мартадан бу мусобақада қатнашган.
“Ал Ҳилол” таркибида дунёнинг етакчи футболчиларидан Боно, Кулибали, Канселу, Милинкович-Савич, Невеш, Малком, Салим Давсари ва Митрович каби юлдузлар ҳаракат қилмоқда.
“Пахтакор” – “Ал Ҳилол” учрашуви 4 март куни соат 21:00да “Жар” стадионида старт олади. Жавоб ўйини эса 11 март куни Риёдда бўлиб ўтади.