Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 январь куни пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини изчил жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор имзолади.
2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси (ЎзРТСБ) ҳар йили 1 ноябрда пахтанинг бошланғич нархини (биринчи нав, иккинчи тоифа) белгилaйди, 2025 йил ҳосили учун эса 1 февралдан. Нарх Нью-Йорк биржасидаги пахта толасининг сўнгги 6 ойдаги ўртача котировкалари асосида ҳисобланади.
Пахта хом ашёсини сотиб олиш ва етказиб бериш бўйича шартномалар (фьючерс, форвард ва спот контрактлар) ишлаб чиқарувчилар, кластерлар ва тўқимачилик корхоналари ўртасида ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ўтказиладиган биржа савдоларида тузилади.
Шундай қилиб, бир вилоят ичида ҳудудий чекловлар сақланиб қолади, яъни фермерлар шартнома тузиш учун кластeрни фақат ўз вилоятлари ичида эркин танлай оладилар. Масалан, Тошкент вилояти Чиноз тумани фермери шартномани Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги кластер билан тузиши мумкин бўлмайди.
Шартномалар томонларнинг эркин танлови асосида, етказиб бериш муддатлари ва харидорларнинг бир ёки бир нечтасини мустақил равишда танлаш орқали биржа савдоларида расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, фьючерс контрактлари 1 ноябрдан 1 июнгача старт нархдан паст бўлмаган нархларда тузилиши лозим. Контрактлар қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш фондидан имтиёзли кредитлар олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Форвард контрактлар ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида 1 ноябрдан 1 мартгача келишилган нархларда тузилади. Пахта етиштириш харажатлари ўз маблағлари ёки кредитлар ҳисобига қопланади.
Спот контрактлар омборларда сақланаётган пахта ҳажмларига ҳақиқий вақт режимида томонлар ўртасида келишилган нархларда тузилади. Фонд томонидан фермер хўжаликларига ажратиладиган имтиёзли кредитлар учун банкка кредит суммасининг 50% миқдорида ликвид мулк тақдим этилади.
Натижада, кластерлар биржага ўз талабларини ҳажм ва пахта нархлари бўйича жойлаштиради, фермерлар эса мос таклифни танлаб, фьючерс шартномасини тузиши мумкин бўлади. 2024 йилда фермерлар ўз таклифларини биржага жойлаштириб, кластерлар ўша ҳажмлар учун рақобатлашиши кутилган эди. Аммо сентябрь ойида қоидалар кутилмаганда ўзгартирилди ва пахта нархлари кластерлар фойдасига сунъий равишда пасайтирилди. 2018 йилдан бошлаб пахта харид қилиш қоидалари ҳар йили, шу жумладан ҳосил йиғим-терим мавсуми якунланмасидан ўзгартириб келмоқда.
Фьючерс шартномалари — бу нарх аввалдан белгиланадиган ва маҳсулот келажакда етказиб бериладиган биржа битимларидир. Форвард шартномаларда томонлар битим шартларини, жумладан, нарх ва муддатларни мустақил равишда белгилайди. Спот шартномалар товарни ҳозирги бозор нархларида тезкор етказиб беришни назарда тутади ва тайёр маҳсулот учун мос келади.
Бошқа ўзгаришлар
- Ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан пахта етиштирган фермерларга биржа савдоларида пахтани сотиш қийматининг 10% миқдорида субсидия ажратилади.
- Имтиёзли кредитларни тўлиқ йил охиригача қайтарган фермерлар кредит қийматининг 4% қисмини қайта олишлари мумкин. Бу натижада кредит фоиз ставкасини 10%дан 6%гача туширади. Лекин бу фақат кластерлар фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши шарти билан амалга оширилади.
- Пахтани сақлаш ва дастлабки қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорларга Марказий банкнинг асосий ставкасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача кредитлар берилади.
- Ҳар йили 1 сентябргача пахтани ташиш бўйича тавсия этилган тарифлар ва уни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича энг юқори тарифлар тасдиқланади.
Барча шартномалар биржа савдолари орқали расмийлаштирилиши лозим ва маълумотлар «Агроплатформа» ахборот тизимига интеграция қилиниши керак.
Омбори йўқ фермерлар фьючерс ёки форвард контрактлар тузишга мажбур.
2022–2023-йил ҳосилини молиялаштириш учун пахта-тўқимачилик кластерларига берилган кредитларнинг муддатини узайтириш режалаштирилган. Фоиз ставкалари муддатларга мутаносиб равишда қайта ҳисобланади.
Бош прокуратура узайтирилган кредитларни ўз вақтида қайтарилишини назорат қилади.