
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги қарорига кўра, 2026–2030 йиллар Ўзбекистонда «Озиқ-овқат хавфсизлигининг долзарб даври» деб эълон қилинди.
Ушбу даврда аҳолини етарли миқдорда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, маҳсулотларга нисбатан исрофгарчиликка йўл қўймаслик, болалар ва катталарнинг оқилона овқатланиш ва маҳсулотларга эҳтиёткор муносабатда бўлиш борасидаги билимларини ошириш, шунингдек, озиқ-овқат чиқиндиларини қайта ишлашни йўлга қўйиш чораларини кўриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, тўй ва бошқа оилавий тадбирларга белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мўлжалланган. 2020 йилда парламент бундай тадбирларни ўтказиш тартибини, жумладан, иштирокчилар сонини чеклашни тасдиқлаган эди. Айни ўша йили ушбу тартибни бузганлик учун жавобгарлик жорий этилган. Бироқ, амалиётда талабларга кўпинча риоя этилмайди ва улар назорат қилинмайди. Баҳорда тадбирларни тартибга солиш учун янги ҳужжат ишлаб чиқиш режалари ҳақида хабар берилган эди.
Қарор билан «Оқилона истеъмол» (Save food) дастурининг амалга ошириш режаси маъқулланди, у озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлишини қисқартириш ва умумий овқатланиш соҳасидаги исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган.
2026 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари фақат ёғ тутқичлар (жироуловитель) мавжуд бўлгандагина марказлашган сув чиқариш тизимларига уланиши мумкин бўлади. Уларни ойига бир марта ёғдан тозалаш керак, ёғли чиқиндилар эса қайта ишлаш ва утилизация қилишгайўналтирилиши лозим. Хусусан, ишланган ёғлардан иккиламчи хомашё — кир совун, ҳайвонлар учун озуқа ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Овқат тайёрлаш учун газ, ўтин ёки кўмирдан фойдаланадиган умумий овқатланиш муассасалари атмосфера ифлосланишини камайтириш мақсадида ифлослантирувчи моддалар ва ҳидларни тутиб қолувчи қурилмаларни ўрнатиши шарт бўлади.
2026 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун озиқ-овқат чиқиндиларидан олинган органик ўғитлардан фойдаланиш тизимини кенгайтириш мўлжалланган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилишини қисқартириш мақсадида уларни йиғиш, қадоқлаш, ортиш, етказиб бериш ва сақлашни ўз ичига олган, харидорларга етказиб бериш жараёнларининг бутун занжирини мониторинг қилиш жорий этилади. Дўконларда яроқлилик муддати тугаётган озиқ-овқат маҳсулотларига чегирмалар бериш тизими кенгроқ қўлланилади.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига умумий овқатланиш муассасаларидаги шамоллатиш ва ҳаво тозалаш қурилмаларига алоҳида талаблар киритилиши лозим.

