Украина элчиси Николай Дорошенко Ўзбекистондаги миссиясини якунламоқда

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко дипломатик миссиясини якунламоқда. Тегишли фармонни 2025 йил 21 июль куни дипломатик корпус ротацияси доирасида Украина Президенти Владимир Зеленский имзолади.

Николай Дорошенко ўз саҳифасида миссиясининг якунланишига бағишланган пост ёзди.

«Бу менинг мамлакатим, халқим раҳбарияти томонидан билдирилган юксак ишонч даражасидир ва мен бу ишончни оқлаш учун бор кучимни сарфладим. Чуқур мотивация ва қодир бўлган барча энергиям билан Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшдим», — деб ёзди дипломат.

«Менга давлат манфаатларини унинг учун оғир даврда — уруш даврида ҳимоя қилиш ва вакиллик қилиш шарафи насиб этди. Ўн бир йил олдин мамлакатимга хиёнаткорона ҳужум қилинди […] Бу ҳақда гапириш, ўзбек жамиятига ҳақиқатни етказиш, бугунги Украина қандай яшаётганини, ўғил-қизлари нега ва қандай ҳалок бўлаётганини тушунтириш менинг бурчим эди», — дея таъкидлади Николай Дорошенко ўз постида.

У Ўзбекистонликларга ҳамкорлик ва Украинани қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдирди.

Қайд этиш жоиз, 2025 йил 21 июль куни Президент Владимир Зеленский Украинанинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги 16 нафар элчисини тайинлади. Давлат раҳбари сайтида Ўзбекистонга янги элчи тайинлаш тўғрисидаги фармон ҳозирча мавжуд эмас.

Украина оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Главком» Украинанинг янги тайинланган 30 нафар элчиси рўйхатини келтиради. Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистонга элчи этиб Илья Квас тайинланган. У илгари Украина Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида, шунингдек Финляндияда элчи сифатида ишлаган.

Николай Дорошенконинг Ўзбекистондаги фаолияти

Николай Дорошенко 2020 йилда Ўзбекистонга тайинланган ва пандемия авж олган пайтда Тошкентга етиб келган. Шубҳасиз, унинг фаолияти бошланганидан кейин Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. Янги элчининг Ўзбекистон расмийлари билан дастлабки учрашувлари иқтисодий ҳамкорлик, савдони ошириш ва 2015 йилда тўхтатилган тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга бағишланган эди.

2020 йил ноябрда Ўзбекистоннинг собиқ инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Николай Дорошенко мамлакатлар ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Ўша пайтда томонлар учун кимё, нефть-кимё, металлургия, озиқ-овқат, фармацевтика соҳалари ва АТ даги кооперация алоҳида қизиқиш уйғотган эди.

2021 йил май ойида Тошкентда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 10 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ўзбекистон-Украина ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, шундан сўнг 2007 йилдан бери биринчи марта ҳукуматлараро комиссия йиғилишини режалаштириш бошланди. 2021 йил сентябрда Uzbekistan Airways авиакомпанияси яна Тошкентдан Киевга парвозларни амалга ошира бошлади.

Томонлар 2022 йил май ойида — Киев, Львов ва Днепр шаҳарларида икки томонлама бизнес-форум ва ишбилармонлар кенгашининг янги йиғилишини ўтказишни режалаштирган эдилар, бироқ Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг алоқалар фаоллиги пасайди.

Шунга қарамай, Николай Дорошенко Ўзбекистон ва Украина иқтисодиётларини уйғунлаштириш бўйича ишларни давом эттирди. 2022 йил ноябрда у Ташқи ишлар вазирлиги билан икки мамлакат ишбилармон доираларига ўзаро имтиёзлар ва преференциялар беришни, 2023 йил февралда эса — иқтисодиёт ва савдодаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Ўшанда дипломат таъкидлаганидек, иккала мамлакат ҳам ўзаро ҳамкорликни сақлаб қолишга интилган эди.

2024 йилда, дипломатнинг сўзларига кўра, мамлакатлар янги иқтисодий йўл харитасини шакллантиришни режалаштирган эдилар. Тошкентда Украина фармацевтика компанияларининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш давом этди.

Элчи, шунингдек, икки мамлакатни бирлаштирувчи маданий ва гуманитар лойиҳалар билан ҳам шуғулланди. 2024 йил апрель ойида Киевда 1940-йилларда яратилган Украина рассомларининг Ўзбекистон ҳақидаги расмлари тақдим этилди, кузда эса Тошкентда замонавий Украина санъати кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки марта — 2023 ва 2025 йилларда — Ўзбекистон Украинанинг фронт ҳудудларидан келган болаларни дам олиш ва реабилитацияга қабул қилди.

Николай Дорошенко кўп маротаба Ўзбекистон ўз мамлакати учун Марказий Осиёдаги устувор давлатлардан бири эканлигини таъкидлаган ва Ўзбекистоннинг Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқлиги қанчалик муҳим эканлигини қайд этган.