
2025 йил апрель ойида Ўзбекистонда 0,7% инфляция қайд этилди, деб хабар берди Давлат статистика қўмитаси.
Бу кўрсаткич сўнгги камида 5 йил ичида апрель ойи учун энг паст натижа. Таққослаш учун: 2024 йил апрелида инфляция 0,93%, 2023 йилда — 0,82%, 2022 йилда — 1,47%, 2021 йилда — 1,53%, 2020 йилда эса 1,7% ни ташкил этган.
Йиллик инфляция (ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан) 10,1% гача секинлашди (бир ой аввал 10,3% эди).
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,8% га (бир йилда 4%), ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,4% га (6,7%), пуллик хизматлар қиймати эса 1% га (26,1%) ошди.
Апрель ойида нархларнинг асосий ўсиши ёғ-мой маҳсулотларида (+2,5%), жумладан, ўсимлик ёғларида ўртача 3,2% га, маргаринда 1% га, сарёғда 0,9% га, бошқа ёғлар ва мойларда эса 1,5% га кузатилди.
Гўшт маҳсулотлари бир ой ичида ўртача 1,5% га қимматлашди, жумладан, мол ва қўй гўшти 1,5-1,8% атрофида, қийма эса 1,9% га ошди.
Гуруч ва гуруч ёрмаси нархларининг пасайиши (-0,7%) ушлаб турувчи омил бўлди.
Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг ўзгариши мавсумийлик билан боғлиқ бўлди. Мевалар ва ёнғоқлар ўртача 1,7% га қимматлашди, сабзавотлар, илдизли мевалилар ва дуккаклилар эса аксинча, ўртача 0,5% га арзонлашди.
2025 йил апрель ойидан бошлаб Самарқанд вилоятида совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловлар, Фарғона вилоятида маиший чиқиндиларни олиб кетиш, Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида кўп қаватли уйларда хизмат кўрсатиш, Навоий вилоятида эса иссиқ сув таъминоти ва иситиш хизматлари учун тўловлар оширилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда бир ой ичида сув таъминоти ва турар жойларни сақлаш билан боғлиқ бошқа хизматлар учун инфляция 2,2% ни ташкил этди.
Апрель ойи давомида авиачипталар ўртача яна 5,1% га қимматлашди (ички рейслар — 4,9% га, халқаро рейслар — 5,3% га), февраль ойида 22,4% га ва март ойида 3,9-4,8% га ўсгандан кейин. Автомобиль ва темир йўл сафарлари нархи ўртача 1,3% га ошди.
Метан 2,6% га қимматлашди, бензин (-0,4%) ва пропан (-8,7%) арзонлашди.
Бир ой ичида стационар даволаш хизмати нархи 3% га, амбулатор даволаш — 1,7% га, диагностик тасвирлаш ва тиббий лаборатория хизматлари эса 2,4% га ошди.
Кузатилаётган операторлар бўйича мобил алоқа хизматлари нархлари яна 2,5% га ошди (март ойида 3,5% ўсиш қайд этилган эди). Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб мобил операторлар учун 20%лик акциз солиғи бекор қилинди.
Аввал хабар берганимиздек, Давлат статистика қўмитаси инфляция ҳисоботи шакли ва мазмунига ўзгартиришлар киритди. Хусусан, эндиликда ҳудудлар бўйича инфляция маълумотлари ҳам эълон қилинади.
Йиллик ҳисобда инфляциянинг энг юқори даражалари Тошкент шаҳри (11%), Бухоро (10,6%) ва Қашқадарё (10,5%) вилоятларида қайд этилди, ойлик ҳисобда эса Наманган ва Фарғона вилоятларида (0,9%).