Ўзбекистонда август ойида об-ҳаво қандай бўлади

Ўзбекистонда 2025 йил август ойи қуруқ ва мўътадил иссиқ об-ҳаво билан бошланади, дейилади Ўзгидромет шарҳида. Ойнинг асосий қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +34…+37 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +40…+41 даражагача бўлади. Бу кўрсаткичлар август ойи учун ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга яқин.

Кечаси асосан +18…+23 даража илиқ бўлади.

Учинчи ўн кунликда кечаси ҳаво ҳароратининг аста-секин +13…+18 даражагача, кундузи +30…+35 даражагача, жанубда +36…+38 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Август ойи асосан қуруқ бўлиши кутилмоқда. Шарҳда қайд этилишича, мамлакатнинг катта қисмида ой давомида ёмғир ёғиши эҳтимоли кам.

Одатда Ўзбекистонда август ойида об-ҳаво қандай бўлади

Август ойида ҳаво ҳарорати пасайишни бошлайди, бу ой июль каби жазирамали эмас, дейди синоптиклар.

Ўзбекистон бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойиникидан 1,5−2,5 даража паст бўлади.

Йилнинг аксарият ойлари каби, август ҳам иқлим ўзгариши таъсирига сезиларли даражада дучор бўлади, дейилади шарҳда. 1991−2020 йиллар ва 1961−1990 йиллар базавий даврлари учун август ойининг ўртача ойлик ҳароратидаги фарқ 1,2−1,5 даражани ташкил этади.

Метеорологик кузатувлар бутун тарихидаги энг иссиқ август 2021 йил, энг совуғи эса 1912 йил август ойи бўлган.

Август ойи максимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди +41…+43 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +44…+48 даражани ташкил этади.

Тошкентда август ойида бутун тарихдаги энг юқори ҳаво ҳарорати 1944 йилда қайд этилган — +43,1 даража.

Август охирига келиб салқин ҳаво оқими кўпаяди ва июль ойига нисбатан +40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони 2-3 марта камаяди.

Ўзбекистонда август — йилнинг энг қуруқ ойи, дейди синоптиклар. Текислик ҳудудининг аксарият қисмида ўртача ҳисобда бир-уч кун бироз ёмғир ёғади, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори 1−2 мм дан ошмайди, Фарғона водийсида эса 3−5 мм ни ташкил этади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғирлар тез-тез ёғади, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 12−15 мм ни, Фарғона вилояти тоғларида ва Тошкент вилоятининг баланд тоғларида эса 20−22 мм ни ташкил этади.

Шарҳда айтилишича, мамлакатнинг айрим ҳудудларида сезиларли шиддатли жала ёмғирлар кузатиладиган истисно ҳолатлар ҳам бўлади. 2020 йил август охирида Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида кунига 10−34 мм ёғингарчилик билан кучли жала ўтган.

Тошкентда ўша куни 17 мм ёғингарчилик қайд этилган (ойлик меъёр 2 мм бўлгани ҳолда) — бу август ойида суткалик ёғингарчилик миқдори бўйича мутлақ рекорд.