
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 80 та уюшган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда 2026 йил 11 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу даврда олдини олиш мумкин бўлган жами 6211 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 596 тага кам.
«Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши фактлари бўйича 4080 та жиноят иши қўзғатилган. Натижада жиноий гуруҳлар ва алоҳида шахслардан 872 кг гиёҳвандлик воситалари, 33 кг синтетик моддалар ва 296 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи препаратлар мусодара қилинди», — деди.
Рамазон Ашрапов кенг кўламли тезкор тадбирлар доирасида 80 та уюшган гуруҳ ва уларнинг таркибига кирувчи 211 нафар шахс қўлга олинганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, уч ой давомида 1076 та коррупция ва иқтисодий жиноятлар аниқланиб, улар натижасида 199,56 млрд сўмлик зарар етказилган.
ИИВ маълумотларига кўра, 18 мингдан ортиқ жиноят ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган. Ҳолатларнинг 97 фоизида улар электрон тўлов тизимлари орқали фуқароларнинг пул маблағларини эгаллаб олиш билан боғлиқ.
Таҳлилларга кўра, кибержиноятлар қуйидаги усулларда содир этилган:
- 8783 та ҳолат (48%) — ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган фишинг ҳаволалари орқали тасдиқловчи махфий кодни олиш;
- 3635 та ҳолат (20%) — ижтимоий тармоқлар ва веб-ресурслар орқали алдов таъсирида маблағларни ўтказиш;
- 2624 та ҳолат (14,3%) — сохта онлайн молиявий биржалар орқали;
- 197 та ҳолат (1%) — телефон қўнғироқлари орқали карта рақами ва махфий кодларни олиш йўли билан;
- 2843 та ҳолат (16,7%) — бошқа усуллар.
«Бундан ташқари, уч ой давомида тезкор бўлинмаларнинг хизмат фаолияти давомида тергов ва суддан яшириниб юрган 2193 нафар шахс ушланди. Бедарак йўқолган 171 нафар шахс топилиб, оилаларига қайтарилди», — деб хабар берди Рамазон Ашрапов.
Унинг сўзларига кўра, биринчи чоракда 7309 та маҳаллада, яъни мамлакатдаги маҳаллаларнинг 81 фоизида жиноятлар содир этилмаган. Шу билан бирга, жиноятлар қайд этилган 1497 та маҳалла (16,6%) «сариқ» тоифага, 186 таси (2,1%) эса «қизил» тоифага киритилган.
Март ойида йил бошидан буён икки ой ичида 45 та уюшган жиноий гуруҳ аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.