
Ўзбекистон ва Россия авиация расмийлари Москвада 2025 йил 21-22 июль кунлари бўлиб ўтган музокараларда авиарейслар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Икки мамлакат авиакомпаниялари ҳафтасига 1000 дан ортиқ рейсни барча манзил шаҳарлардан самарали фойдаланган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқини олди. Ҳозирда икки давлат ўртасида ҳафтасига 310 дан ортиқ мунтазам рейс амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Икки мамлакатнинг тайинланган авиакомпанияларига ҳафталик қуйидаги рейс сонини бажариш ҳуқуқи берилди:
- Тошкент-Москва йўналиши бўйича – 50 тадан рейс (жами 100 та рейс);
- Самарқанд-Москва йўналиши бўйича – 23 тадан рейс (жами 46 та);
- Бухоро-Москва, Урганч-Москва, Фарғона-Москва, Наманган-Москва йўналишлари бўйича – 14 тадан рейс (жами 112 та);
- Тошкент-Санкт-Петербург, Тошкент-Красноярск, Тошкент-Сочи йўналишлари бўйича – 14 тадан рейс (жами 42 та);
- Термиз-Москва йўналиши бўйича – 10 тадан рейс (жами 20 та).
Бундан ташқари, бошқа шаҳарларнинг барча йўналишлари бўйича 7 тадан рейс бажаришга рухсат берилди, яъни Россия авиаташувчилари учун уларнинг 80 та халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига – жами 560 та рейс, Ўзбекистон авиаташувчилари учун барча халқаро аэропортлардан Россиянинг 29 та йирик халқаро аэропортига – жами 203 та рейс (юқорида кўрсатилганлардан ташқари).
Қўшимча равишда, ҳар бир компанияга учта манзилни бирлаштирувчи «учбурчак» шаклидаги рейсларни амалга ошириш доирасида авиакомпаниялар сони бўйича чекловларни бекор қилган ҳолда 5 тагача шаҳарни танлаш ҳуқуқи берилди.
Бундай схема маршрутнинг учта нуқтасини, масалан, Тошкент-Самара-Қозон-Тошкент ёки Москва-Бухоро-Урганч-Москва каби битта рейсда бирлаштиришни назарда тутади. Шу билан бирга, авиакомпаниялар жалб этилган ташувчилар сони бўйича чекловларсиз бештагача шаҳарни мустақил равишда танлашлари мумкин. Бу формат юкламани оптималлаштириш, бўш парвозларни қисқартириш ва маршрутларнинг рентабеллигини ошириш имконини беради.
Транспорт вазирлигининг таъкидлашича, янги квоталардан тўлиқ фойдаланилган тақдирда, икки мамлакат ўртасидаги йиллик ҳаво ташиш ҳажми 16 миллион йўловчидан ошиши мумкин. 2024 йилда 32,6 минг рейс амалга оширилган ва 4,1 миллион йўловчи ташилган.

