Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида кучга кирди

Ўзбекистон Тожикистон дўстлик ва ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси кучга кирди.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари 2025 йил 31 март куни Хўжандда президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон иштирокида шартнома кучга киргани ҳақидаги ратификацион ҳужжатлар билан алмашдилар. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Шартнома 2024 йил 18 апрель куни Душанбе шаҳрида президентлар учрашуви доирасида имзоланган эди.

Шавкат Мирзиёев хизмат ташрифи билан Хўжандга келиб, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг уч томонлама учрашувида иштирок этмоқда.

Давлат раҳбарлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқиши ва Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаши кутилмоқда.

Хўжандга етиб келгач, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошгани таъкидланди.

Президентлар, шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган кўп томонлама саммитларни ташкил этиш каби минтақавий кун тартиби масалалари юзасидан фикр алмашдилар.