Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» чегарадан ўтиш пункти 4 ойга ёпилади

Тошкент вилоятида, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган («Жибек Жоли») «Ғишткўприк» чегара божхона пости 5 февралдан 4 ойга ёпилади, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси.

Чеклов 2022 йилдан бери давом этаётган капитал қурилиш ва реконструкция ишларини якунлаш учун жорий этилмоқда. Шу вақтгача пост ўз фаолиятини давом эттирган. Пиёдалар ўтиши учун вақтинчалик йўлаклар ва соябонлар барпо этилган эди.

Пиёдалар ва транспорт воситалари, жумладан автобуслар, чегарани Тошкент вилояти, Тошкент тумани ҳудудида реконструкциядан сўнг яқинда қайта очилган «Навоий» пости орқали кесиб ўтишлари мумкин. Уларнинг орасидаги масофа 20 км дан кам. «Навоий» пости орқали юк транспорти ҳаракати вақтинча тақиқланади.

Аввалроқ хабар қилинганидек, реконструкция доирасида «Ғишткўприк» чегардан ўтиш пункти ҳудуди 1,5 гектарга кенгайтирилди, бу эса ўтказиш қобилиятини 350 дан 1000 та транспорт воситасигача ва 30 мингдан 50 минг кишигача ошириш имконини беради.