Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

ХВФ Ўзбекистон иқтисодиётида ҳаддан ташқари қизиб кетиш хавфи борлигидан огоҳлантирди

Ўзбекистондаги иқтисодий фаоллик кучли ички талаб фонида потенциал даражадан юқори бўлиб турибди. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон билан маслаҳатлашувлар якунлари бўйича эълон қилинган пресс-релизида сўз боради.

ХВФ мамлакат иқтисодиёти юқори кўрсаткичларни намойиш этишда давом этаётганини қайд этди: ўсиш барқарор бўлиб қолмоқда, инфляция секин-аста пасаймоқда, бюджет ва ташқи сальдо яхшиланмоқда, халқаро захиралар эса етарли даражада турибди.

Ташкилот баҳосига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг реал ЯИМ ҳажми барқарор ички талаб туфайли 7,7 фоизга ошган. 2026 йилнинг биринчи чорагида ўсиш йиллик ҳисобда 8,7 фоизгача тезлашди. 2024 йил май ойида электр энергияси тарифлари оширилганидан кейин инфляция пасайишда давом этди ва 2026 йил апрель ойида йиллик 7 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, ХВФ кучли ички талаб иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиш хавфини юзага келтираётганига эътибор қаратди.

«Иқтисодий фаоллик кучли ички талаб фонида потенциал даражадан юқори бўлиб турган кўринади, глобал ноаниқлик ва хавф-хатарлар эса жуда сезиларлилигича қолмоқда. Бу ҳозирги шароитда оқилона сиёсат юритиш, шу билан бир вақтда барқарор ва инклюзив ўсишни таъминлаш учун таклиф соҳасидаги ислоҳотларни илгари суриш муҳимлигини кўрсатади», дейилади хабарда.

Солиқ-бюджет сиёсати доирасида иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиш хавфини камайтириш ва буферларни (захираларни) тиклашга эътибор қаратиш тавсия этилади.

ХВФ фикрича, 2026 йилда расмийлар талаб томонидан босим кучайишига йўл қўймасликлари керак, айниқса даромадлар бўйича режа кўрсаткичларининг эҳтимолий ошириб бажарилишини ҳисобга олган ҳолда. Жамғарма баҳосига кўра, йил давомида харажатларни тузатишни чеклаш инфляцияни пасайтиришга ва олиб борилаётган сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Жамғарма, шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олишдан олинадиган беқарор даромадларнинг харажатларга таъсирини чеклаш учун бюджет асосларини такомиллаштиришни тавсия қилди. Яъни, бюджет харажатларини хомашёдан, биринчи навбатда олтин ва бошқа фойдали қазилмалардан келадиган вақтинчалик юқори даромадлар ҳисобига қурмаслик таклиф этилмоқда.

Мўлжалланган чора сифатида ХВФ қўшимча операцион кўрсаткични — масалан, фойдали қазилмалардан олинадиган даромадларни ҳисобга олмаган ҳолда бюджетнинг бирламчи тақчиллигининг юқори чегарасини жорий этишни айтиб ўтди. Бундай кўрсаткич, агар вақтинчалик хомашё даромадлари истисно қилинса, давлат молияси қанчалик барқарор эканлигини баҳолаш имконини беради.

Бу, жамғарма фикрича, бюджет сиёсатининг проциклик хусусиятини камайтиришга (яъни, даромадлар юқори бўлган даврларда иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишини кучайтирмасликка) ёрдам беради, шу билан бирга харажатларга реал эҳтиёжлар туғилганда жавоб чораларини кўриш учун мослашувчанликни сақлаб қолади.

Апрель ойидаги баёнотида ХВФ миссияси якунлари бўйича расмийларни инфляция босимини кучайтирмаслик учун харажатларни тасдиқланган бюджетдан ошириб юбормаслик зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Ўшанда жамғарма қўшимча даромадлардан янги харажатлар учун эмас, балки тақчилликни камайтириш учун фойдаланишни тавсия қилганди.

Июнь ойидаги пресс-релизда бу сигнал янада аниқроқ тус олди: ХВФ бюджет сиёсатини иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиш хавфи билан тўғридан-тўғри боғлади. Ички хавф-хатарлар қаторига жамғарма проциклик бюджет харажатларини, мақсадли ва имтиёзли кредитлаш амалиётининг давом эттирилишини, шунингдек, таркибий камчиликларни бартараф этишнинг кечиктирилишини киритди.

ХВФ баҳосига кўра, пул-кредит сиёсати етарли даражада қаттиқ бўлиб қолиши керак. Жамғарма сақланиб қолаётган юқори ички талабга, ишлаб чиқаришнинг ижобий тафовути эҳтимолига ва Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган инфляция босимига эътибор қаратди. Инфляция пасайиши секинлашган тақдирда, ХВФ фикрича, Марказий банк сиёсатни янада қаттиқлаштиришга тайёр туриши лозим.

Бундан ташқари, ХВФ яна бир бор мақсадли ва имтиёзли кредитлашдан босқичма-босқич воз кечишга чақирди. Жамғарма баҳосига кўра, бундай воситалар банклар балансини заифлаштириши, ресурсларни тақсимлаш самарадорлигини камайтириши ва пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини ёмонлаштириши мумкин.

ХВФнинг Ўзбекистон бўйича базавий прогнози ижобийлигича қолмоқда. Жамғарма реал ЯИМ ўсиши 2026 йилда тахминан 6,8 фоизни, 2027 йилда эса 6 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Инфляция 2027 йил охирига келиб Марказий банкнинг мақсадли кўрсаткичи — 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Жорий ҳисоб тақчиллиги, ХВФ баҳосига кўра, 2026 йилда олтиннинг юқори нархлари туфайли ЯИМга нисбатан 3,2 фоизгача қисқаради. Халқаро захиралар қулай даражада қолиши ва йил охирига келиб 12 ойдан ортиқ импортни қоплаши кутилмоқда.

Шу билан бирга, прогноз атрофидаги ноаниқлик юқорилигича қолмоқда. Ташқи хавф-хатарлар сифатида ХВФ глобал конъюнктуранинг ёмонлашиши, геосиёсий кескинлик, ташқи талабнинг эҳтимолий пасайиши, экспорт нархларининг тушиши ва халқаро молия бозорларидаги шароитларнинг қаттиқлашишини қайд этади.

Жамғарма таркибий ислоҳотларнинг тезлашиши янада юқори ўсиш учун салоҳият яратиши мумкинлигини таъкидлади. Устувор йўналишлар қаторида ХВФ иқтисодиётда давлат ролини камайтириш, давлат корхоналарини ислоҳот қилиш, имкони бўлган жойларда хусусийлаштиришни амалга ошириш, рақобатни мустаҳкамлаш, тармоқ регуляторларининг самарали фаолияти ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлашни айтиб ўтди.