Open budget 2025 нинг биринчи мавсуми 1 февралдан бошланади

Ўзбекистонда Open Budget порталида ташаббусли бюджетлаштиришнинг биринчи мавсуми 2025 йил 1 февралда бошланади, деб хабар беради Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Аҳолидан ташаббусларни қабул қилиш 20 февралгача давом этади, саралаш босқичи 21 февралдан 7 мартгача, тарғибот 8 мартдан 10 мартгача, овоз бериш босқичи эса 11 мартдан 20 мартгача ўтказилади.

Ушбу йилнинг биринчи мавсум ғолиблари 2025 йил 21март куни — Наврўз байрамида эълон қилинади.

13 январь куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарори билан киритилган ўзгартишларга кўра, ҳар йили ҳар бир туман ёки шаҳарда камида 10 та ва кўпи билан 30 та лойиҳани амалга ошириш учун етарли маблағ ажратилади. Бу қўллаб-қувватланадиган ташаббусларнинг минимал ва максимал чегарасини белгилайди.

Агар лойиҳалар сони 10 тадан ошса, маблағлар туман ёки шаҳар аҳолиси сонидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади. Бу шуни англатадики, аҳолиси зичроқ ҳудудлар кўпроқ молиялаштириш имкониятига эга бўлади.

Битта лойиҳанинг энг юқори қиймати 1,5 миллиард сўм этиб белгиланган. Шу асосда туман ёки шаҳар бюджетларидан ажратиладиган маблағларнинг минимал ҳажми 15 миллиард сўмни, максимал ҳажми эса 45 миллиард сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2024-йилги «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсум ғолиблари апрель ойида эълон қилинган эди. Овоз беришга тавсия этилган 28,9 минг лойиҳадан 2770 таси ғолиб деб топилиб, уларга 3,3 триллион сўм йўналтирилган. Ўшанда овоз беришда 11,7 миллион киши иштирок этган.