Ўзбекистонда ноқонуний олтин қазиб олган 40 га яқин киши ҳибсга олинди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Бухоро вилоятида 37 кишини ноқонуний олтин қазиб олиш гумони билан ҳибсга олди, дея хабар берди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизмати.

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги фаолиятни назорат қилиш инспекцияси Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги «Қулжуқтов» ва Навоий вилояти Конимех туманидаги «Товшан» тоғли ҳудудларида жойлашган «Oltin Kon» МЧЖ ҳудудларида ўтказилган текширувлар давомида компаниянинг хабарисиз бегона шахслар томонидан ташкил этилган ўзбошимчалик билан ва ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолатларини аниқлади.

Уларга доир материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига топширилди, улар томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Қулжуқтов массивида ноқонуний қазиш билан шуғулланувчилар ҳибсга олинганда, ашёвий далил сифатида 3 та Ford русумли автомобиль, 8 та перфоратор, 6 та компрессор, таркибида олтин бўлган 400 га яқин қоп руда ва бошқа қўлбола ускуналар олиб қўйилди. Ноқонуний фаолиятдан давлатга етказилган зарар 20 млрд сўмдан ошгани хабарда айтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 196-2-моддаси 2-қисми «б» банди («Фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш») билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида мамлакатда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олганлик учун қазиш билан шуғулланувчилар учун жиноий моддани жорий этишни назарда тутувчи қонунчиликка киритилган тузатишлар кучга кирди. Бу жиноят учун 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

2021 йил июнь ойида Навоий вилоятидаги шахтада ноқонуний олтин қазиш пайтида дизель генераторининг ис газидан тўрт киши ҳалок бўлган, яна уч киши жабрланган эди.